Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда янги лойиҳа ишга туширилиши билан 350 нафар ёшлар ва аёллар иш билан бандлиги таъминланади
591
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан доимий равишда сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. Учрашувларда, мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, божхонада тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришдаги енгилликлар тўғрисида тушунтирилмоқда.
Қашқадарёда янги лойиҳа ишга туширилиши билан 350 нафар ёшлар ва аёллар иш билан бандлиги таъминланади

Мазкур йўналишдаги учрашув “Raw materials exclusive” масъулияти чекланган жамиятига уюштирилди.

Корхонада айни кунда “Ип калава ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш” лойиҳаси бўйича ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Умумий қиймати 19,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган мазкур лойиҳа банк ва тадбиркорнинг маблағи асосида молиялаштирилган. Лойиҳа тўла қувват билан ишга туширилса, йилига ўртача 4 550 тонна ип калава маҳсулоти ишлаб чиқарилади.   

Қашқадарёда қисқа вақт ичида замонавий корхона барпо этилди. Германия, Италия, Туркия ва Ҳиндистон давлатларидан энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналари келтириб ўрнатилган. Мазкур корхонанинг биринчи босқичида ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда 200 дан зиёд ёшлар ва хотин-қизларнинг иш билан бандлиги таъминланган.

- Корхонамиз пахта толасидан ҳар хил турдаги матолар учун ип калава ишлаб чиқаради, – дейди, корхона бош муҳандиси Ш.Бекмуродов, – Ҳозирда корхонамиз 60 фоиз қувват билан ишламоқда. Яқин кунларда тўла қувватда ишни бошлаш арафасидамиз.

Дарҳақиқат, корхонада тўла қувватда иш бошланганда суткасига 12 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Асосийси ишчилар сони 350 нафарга ошади.

Жорий йилнинг ўтган даврида 397,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Хитой, Покистон ва Португалия каби давлатларга экспорт қилинди.

Яна бир жиҳати, корхонада толани тозалашдан тортиб, ўрашгача бўлган барча жараён тўлиқ автоматлашган тарзда бошқарилади. Лаборатория марказида пахта толаси ва ип калава сифати доимий назорат қилиб борилмоқда.

Ушбу корхона учун чет давлатлардан импорт асосида олиб келинган технологик ускуналар ва зарур эҳтиёт қисмлар “Қарши тола” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан 16 миллиард 633 миллион сўм миқдоридаги божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган ҳолда тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилди.

4.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг