Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда олтиндан қиммат гул – заъфарон етиштирилади
567
Маълумки, Заъфарон узоқ асрлардан буён баҳоси ва қадри юқори бўлган ўсимлик саналиб келинади. Негаки, ундан замонавий тиббиётда дори дармонлар тайёрлашда, саноатда, ипак, тўқилган толалар, гиламларни бўяшда, қимматбаҳо қоғоз ишлаб чиқаришда, рассомликда, терига ёзув ишлаш ва бошқаларда жуда кенг фойдаланишади. Ушбу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон плантациялари барпо қилинган бўлиб, уни етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси устида “BMB-Оpera Zafferano” Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси иш олиб бормоқда.
Жиззахда олтиндан қиммат гул – заъфарон етиштирилади

Ушбу маҳсулотни етиштириш учун катта плантация керак бўлади. Қолаверса, гулларни териш ишларининг барчаси қўлда бажарилади ва Заъфарон гуллари очилиши биланоқ терилиши керак. Шу боис лойиҳа ишга тушиши натижасида 800 та доимий, 20 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилади.

Заъфарон туганак пиёзлари Италиядан келтирилган. Бундан ташқари, заъфаронни қайта ишловчи ускуналар ҳам босқичма-босқич олиб келиниши режалаштирилган. Ундан тиббиёт, фармацевтика, парфюмерияда ишлатилувчи эфир мойи, саноатда ранг олинади. Шу тариқа, лойиҳа кенгайиб бораверади.

Шу ўринда айтиш керакки, Жиззах вилоят божхона бошқармаси томонидан мазкур корхона фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тизимда қулайликлар яратиш, божхона тўловларидан енгилликлар жорий қилиш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, корхона номига олиб келинган ва олиб келинадиган Заъфарон ўсимлигининг пиёзбошларини эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда ундириладиган қўшилган қиймат солиғини божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб, 12 ой давомида тенг улушларда, жарима фоизлари ҳисобланмаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлаш учун енгиллик яратилди.

Яна бир муҳим жиҳат, корхона мутахассисининг айтишича, дунёдаги энг қиммат ўсимликларидан бири “қизил олтин” дея эътироф этилувчи заъфарон гулининг нархи 1 кг учун 8 минг евродан юқори баҳоланади. Нави ва сифатидан келиб чиқиб нарх 30 минг еврогача чиқиши мумкин экан. Ваҳоланки, айни пайтда тайёр заъфарон маҳсулотини Италия ва дунёнинг бошқа бозорларига экспорт қилиш орқали унинг географиясини кенгайтириш масалалари устида иш олиб борилмоқда.  Хусусан, жорий йилнинг июль ойида тайёр 1 тонна маҳсулотни Италияга экспорт қилиш бўйича келишувга эришилгани ҳам бунинг тасдиғидир. Ушбу экспорт жараёнларида ҳам божхона ходимлари сифатли хизматларни кўрсатишга ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр

 

27.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг