Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сурхондарёнинг ташқи савдо кўрсаткичлари: рақамлар ва фактларда
591
Ташқи савдо кўрсаткичлари – ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Шу боисдан, мамлакатимизда жаҳон ҳамжамияти билан самарали интеграциялашувини таъминлаш мақсадида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, экспорт шартномалари бўйича олдиндан пул келиб тушиши талабининг бекор қилиниши, тадбиркорларга экспорт қилинаётган товар нархларини жаҳон бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб эркин белгилаш ҳуқуқининг берилиши, мева-сабзавотлар экспортида товарларнинг табиий камайиш нормаларини ҳисобга олган ҳолда ташқи савдо шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритиш имкониятининг яратилиши, айрим товарлар экспортида транспорт харажатларининг бир қисмини давлат томонидан субсидиялаш тартибининг жорий этилиши шулар жумласидан.

Ўз навбатида, божхона органларида ҳам ташқи савдо юкларини божхона назоратидан ўтказиш жараёнларининг соддалаштирилиши натижасида, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни бир неча бор қисқартиришга эришилди.

Фикримизни Сурхондарё вилояти мисолида давом эттирамиз. Хусусан, 2021 йилнинг ўтган 4 ойи давомида ушбу вилоятда жойлашган божхона постларида жами 6 905 та БЮДлар расмийлаштирилди. Божхона органларида хавфни бошқариш тизимининг жорий этилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни 22 дақиқага қисқартиришга эришилди. Бундан ташқари БЮДларнинг қарийб 75 фоизи яшил ва сариқ йўлакларга тақсимланиши натижасида, ушбу декларациялар билан расмийлаштирилаётган товарлар божхона кўригидан озод этилди.

Ўз навбатида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар товарлар экспортида ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. Хусусан, 2021 йилнинг 4 ойи давомида вилоятдан 40,3 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар чет давлатларга юборилиб, экспорт ҳажмини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 млн. АҚШ долларига ёки қарийб 8 фоизга оширишга эришилди.

Мазкур даврда асосан мева-сабзавот, озиқ-овқат, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари чет давлатларга юборилган. Таъкидлаш жоизки, Сурхондарёда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Вилоят импортида эса асосий улушни металл буюмлар, технологик асбоб-ускуналар, ҳайвонлар учун озуқалар ҳамда ёғоч-тахта маҳсулотлари эгаллаган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, божхона органларининг энг муҳим вазифалардан бири бу давлат бюджетига божхона тўловларини ундиришдир. Жорий йилнинг 4 ойи давомида бошқарма томонидан 120 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилди.

Шунингдек, олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, технологик асбоб-ускуналар ва бошқа турдаги товарларга нисбатан қарийб 140 млрд. сўм имтиёзлар қўлланилди. Мазкур имтиёзларнинг тадбиркорлар фаолияти, қолаверса халқимиз фаровонлиги учун нақадар муҳим эканлиги эътиборга моликдир.

Республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларимизга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ўз ваколатлари доирасида барча амалий ёрдамларни кўрсатишга ҳамда экспорт товарларининг божхона расмийлаштирувини туну-кун амалга оширишга ҳамиша тайёр.

 

24.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг