Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида Туркия элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
817
2021 йил 1 апрель куни Давлат божхона қўмитасида Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олган Бекар билан учрашув бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида  Туркия элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда Ўзбекистон Республикасида Туркия Республикасининг Элчиси сифатида янги иш бошлаган О.Бекарга Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлиги тобора кенгайиб бораётганлиги, давлат идораларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, шу жумладан божхона идораларида бўлаётган янгиланишлар тўғрисида айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги сўнгги йилларда жуда фаоллашиб, юқори даражага кўтарилди.
Ташқи савдо ҳажмининг йилдан йилга ортиб бориши иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида ҳам фаол ҳамкорликни янада кучайтиришнинг аҳамиятини намоён этади.
Бу борада 2018 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Туркия Республикаси Божхона ва савдо вазирлиги ўртасида “Қўшма божхона кенгаши” ташкил этилганлигини ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим воқеаси сифатида қайд қилиш ўринли бўлади.
Учрашувда Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов ҳозирда Туркия божхона хизмати билан “Ташқи савдо статистикаси соҳасида методологик ҳамкорлик қилиш” тўғрисидаги идоралараро Баённома ҳамда “Давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида”ги ҳукуматлараро Баённомани имзолаш бўйича тегишли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Икки мамлакат божхона хизматлари божхона соҳасининг қатор йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилишлари, жумладан ходимларнинг малакасини ошириш, божхона лабораториялари фаолиятини такомиллаштириш, чегара божхона постларини модернизация қилиш каби масалаларда тажриба алмашиш ва ўқув машғулотларини ташкиллаштириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этиб ўтилди.
Тадбирда элчи Олган Бекар жаноблари самимий ва юксак савиядаги қабул учун миннатдорчилик билдирди. Муносабатларнинг бундай тарзда ривожланиши Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро майдондаги нуфузининг ортишига, икки давлат иқтисодиётларининг ўсишига ҳамда мамлакатларимиз халқлари ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.



Шу билан бирга Олган Бекар юқорида қайд этилган масалаларни ижобий ҳал этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйишини ва бор имкониятларни жалб этган ҳолда яқин келажакда уларни ҳаётга тадбиқ этиш чораларини кўришини маълум қилди.

1.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг