Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт иқтисодий барқарорликни таъминлайди
1036
Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни экспорт қилиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда ва бу ўз самарасини бермоқда.
Экспорт иқтисодий барқарорликни таъминлайди

Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги ифодасида кўрадиган бўлсак, 2021 йилнинг ўтган 2 ойи мобайнида, бошқарма томонидан 3428 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.

Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 11 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини мева-сабзавот маҳсулотлари 4,2 млн. АҚШ долларини, саноат ва бошқа маҳсулотлар 6,8 млн. АҚШ долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг январь-февраль ойлари мобайнида Наманган вилоятидан товарлар экспортнинг катта улуши Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Украина ва бошқа мамлакатлар ҳисобига тўғри келади.

Импорт қилинган маҳсулотлар орасида энг катта улуш технологик асбоб-ускуналар ҳисобига тўғри келиб, унинг импортдаги улуши 35 фоизни ташкил этди.

Бошқарма томонидан 2021 йилнинг ўтган икки ойи давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 132,6 млрд. сўм  миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан 49,6 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди ҳамда давлат бюджетига 83 млрд. сўм ундирилди.

Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши кураш, хусусан, юртимизга товарларни ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма томонидан жорий йилнинг 2 ойи давомида жами 112 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 3 млрд. 608,2 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.

Қисқача айтганда, божхона органлари томонидан олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад республика иқтисодиётини янада ривожлантириш ва бу орқали халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилгандир. Негаки, тезкор ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимий эътиборда турадиган сифатли божхона хизматини ташкил этиш — божхоначиларнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.

 

10.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг