Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар “Мавзу тафсилоти”нинг жонли мулоқотида қатнашишди
947
Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини оширишда божхона органларининг роли катта.
Божхоначилар “Мавзу тафсилоти”нинг жонли мулоқотида қатнашишди

Шу боисдан, тадбиркорларнинг божхона соҳасига доир мурожаатлари ва қизиққан саволларига ўз вақтида ва тезкорлик билан жавоб қайтаришда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси вакиллари “Хоразм” телерадиоканалида жонли эфирда намойиш қилинадиган “Мавзу тафсилоти” кўрсатувининг навбатдаги сонида иштирок қилишди.

Кўрсатувда дастлаб  бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари М.Уразалиев сўнгги йилларда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган қулайлик ва ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, соҳага жорий қилинган “Хавфни бошқариш” ахборот тизими кўмагида товарлар ва транспорт воситаларини ялпи божхона кўригидан ўтказиш амалиётидан воз кечилди, ҳозирда вилоятда кунига 65 фоиздан ортиқ юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Бу эса тадбиркорларнинг вақти ва харажатларини тежаш имконини бермоқда.

2020 йил 1 январдан Давлат божхона қўмитаси ва бир қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида рухсатнома ҳужжатлари ва сертификатларни электрон кўринишда расмийлаштириш имконини берувчи “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг ишга туширилганлиги ҳам тадбиркорларга қатор қулайликларни тақдим қилди. 2021 йилда мазкур тизим орқали 8 та ваколатли идораларнинг 40 га яқин ҳужжатларини олиш имконияти йўлга қўйилади.

Жонли эфирда божхона органлари фаолиятига жорий қилинган 56 та ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматларнинг афзалликлари ҳам батафсил тушунтирилб берилди.

Масалан, мазкур тизимлар кўмагида эндиликда жисмоний ва юридик шахслар божхона ходимларининг фаолиятини онлайн тартибда баҳолашлари мумкин.

Хавф даражаси паст бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини босқичма-босқич инсон омилини аралаштирмаган ҳолда автоматик расмийлаштиришни жорий этиш соҳа фаолияти олдида турган муҳим режалардан бири ҳисобланади.

Коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда божхона органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижроси ҳам муҳокамалар мавзусида бўлди.

Хусусан, товарларнинг божхона қийматини сунъий пасайтириш, божхона имтиёзларидан мақсадсиз фойдаланиш ва нотўғри қўллашнинг олдини олиш бўйича бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Жонли эфирда Божхона институтига қабул масалалари юзасидан ҳам мурожаатлар келиб тушди. Ҳозирда ушбу олий ўқув юртига қабул жараёнлари бошланган бўлиб, бу қай тартибда амалга оширилиши ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқотдан сўнг ҳам яна бир неча соат давомида студияга ўрнатилган телефонлар орқали томошабинлардан келиб тушган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Шу ўринда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларида божхона соҳасига оид ҳар қандай савол ёки тушунмовчиликлар пайдо бўлганда ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларга гувоҳ бўлишса, Давлат божхона қўмитасида узлуксиз фаолият кўрсатаётган 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (0362) 227-70-11-рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

24.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг