Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда тадбиркорга қарийб 10 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари тақдим этилди
871
Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилмоқда. Бу борада божхона соҳасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Қашқадарёда тадбиркорга қарийб 10 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари тақдим этилди

Мисол учун, божхона расмийлаштируви учун ортиқча ҳужжатлар бекор қилиниб, соҳада ахборот технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Натижада тадбиркорлар ҳам ҳалол ва ўрнатилган тартибларга риоя қилган ҳолда юртимиз ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Маълумки, ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида божхона, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар жорий этилган.

Имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларга нисбатан қўлланилмоқда.

Яратилган қулайликлардан Қашқадарёлик тадбиркорлар ҳам ўз ўрнида фойдаланишмоқда.

Шундай тадбиркорлардан бири, “Касби почион” корхонаси мутасаддилари томонидан Касби туманида гидропоника усулидаги иссиқхона барпо этилди.

Бундай иссиқхоналар сувни тежаши ва ҳосилдорлиги билан бошқа иссиқхоналардан ажралиб туради.

Мутахассисларнинг фикрича, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 9-10 килограммни ташкил этади. Экинларнинг пишиб етилиши 25-30 кунга қисқаради.

Мазкур иссиқхоналарда Нидерландиядан серҳосил помидор ва бодринг навлари келтириб, экилган. Айни пайтда бу маҳсулотлар гидропоника усулида етиштирилмоқда. Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

Гидропоника усулидаги иссиқхонада Корея Республикасидан замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.

Умумий майдони 10 гектар бўлган иссиқхонада йилига 1,5 минг тонна помидор, бодринг ва булғор қалампирлари етиштирилмоқда.

Маълумот учун, ушбу корхонага четдан олиб келинган ускуна ва жиҳозлар “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан божхонада яратилган енгилликларни қўллаган ҳолда тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилган. Шунингдек, 2019-2020 йилларда 9 миллиард 889 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

21.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг