Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ёшликдан шижоат бизга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиздан мерос!
908
Ўрта аср Шарқ маданияти ва адабиётининг буюк намоёндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483-йил 14-февралда Андижонда туғилди. Отаси Умаршайх Мирзо темурий авлодидан бўлиб, Фарғона вилоятининг ҳокими бўлган. Заҳириддин Мухаммад Бобур ўз даврининг таниқли мураббий ва муаллимлари раҳбарлигида таълим ва тарбия олган. Отаси Умаршайх Мирзо 1495-йилда вафот этгач 12 ёшида унинг ўрнига тахтга ўтирди.
Ёшликдан шижоат бизга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиздан мерос!

Йиллар унга тобора юксак тажриба орттиришига, бу эса ўзи мақсад этган салтанатини қуришига ҳамроҳлик қилди. Аёвсиз кечган жангу-жадаллар, давлат бошқарувидаги сиёсати, шеърият оламига туҳфа этган ноёб дурдоналари унинг серқирра ижодкор, жасоратли мард киши, гўзал хулқ атворга эга нафис табиат соҳиби бўлиб ўтганлигидан далолат бериб туради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг кўплаб машҳур асарлари билан бутун дунё тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг “Бобурнома” асари бугунги кунга қадар дунё хамжамиятида ўзининг юксак нуфузига эга эканлиги билан ажралиб турмоқда. Бобур саркарда, адабиётшунос, тарихшунос олим ва шоир сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг ҳукумронлик даврида илм-маърифатни давлат сиёсати даражасига олиб чиққан ва илм-маърифат соҳасига алоҳида эътибор қаратган.

    Ким ёр анга илм толиби илм керак,

                Ўргангали илм толиби илм керак.

                Мен толиби илм толиби илм йўқ,

                Мен борман илм толиби, илм керак.

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг маънавий-маърифий қарашларида Ватан туйғуси салмоқли ўринда туради.

  Бобур Афғонистонда ва Ҳиндистонда давлатни бошқариб турган ҳолда, умрининг охирига қадар киндик қони тўкилган юртини бир лаҳза ҳам унутгани йўқ. У она диёрини ҳаддан зиёд севарди, Ватанидан жудолигидан ғам-алам чекарди. Бобур туғилиб ўсган юртини қолдириб кетишни “Хатолик”, “юз қаролик” деб билган. Бу борада ўзини энг ғариб инсон дея билар эди.

                  Толи йўқи жонимга балолиғ бўлди,

                Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

                Ўз ерни қўйиб Ҳинд сари юзландим,

                Ёраб нетайин, не юз қаролиғ бўлди.  

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1530-йилнинг 26-декабрида Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ўзи бунёд этган гўзал маскан Зарафшон чорбоғида вафот этди.

 Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-маърифат ҳақидаги ғоялари, аҳлоқ одоб, яхшилик, вафо, ҳалқини севиши унга яхшилик қиладиган қилиб тарбиялаш, меҳнат аҳлини қадрлаш, инсонпарварлик, Ватандан жудолик ғам-алам эканлиги, адолат ҳақидаги қарашлари, аҳлоқий таълимий фикрлари ҳозирги давр ёшлари тарбиясида ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда Булоқбоши тумани 11-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларига Андижон шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли давлат музейида Мирзо Бобурнинг ҳаёти ва ижоди мавзусида экскурсия ташкил этилди. Саёҳат давомида ёшлар ўзлари учун керак бўлган кўплаб маълумотларни олдилар. 

 Андижон вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

14.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг