Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мурожаатлар доимо эътиборда
1152
Бугун давлат органлари ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, халқнинг турли соҳаларга оид муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш мақсадида аҳолининг мурожаатлари билан доимий тарзда ишлаб келмоқда.

Шу жумладан, божхона органлари фаолиятида ҳам мурожаатлар билан ишлашга ҳамда  аҳолига имкон қадар кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Биргина, Бухоро вилояти божхона бошқармаси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 140 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, 43 та оғзаки, 28 та ёзма шаклда ҳамда 68 та электрон виртуал мурожаатлар қайд этилган.

Келиб тушган барча мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилиб, кўтарилган масалаларни ўз ечимини топиши бўйича амалий чоралар кўрилган.

Юқоридаги рақамлар таҳлилидан ҳам кўриниб турибдики, мурожаатларнинг ҳеч бири эътиборсиз қолмаган ва имкон қадар ижобий ҳал этилган.

Шу билан бир қаторда, куни кеча Бухоро вилояти божхона бошқармасида бир гуруҳ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда, мурожаатчилар томонидан қилинган ҳар бир мурожаат тингланиб, товар ва траспорт воситаларини божхона чегарасидан манзил божхона постигача бўлган барча божхона тартиб таомиллари ҳақида амалдаги қонунчилик талаблари асосида батафсил тушунтиришлар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонида 2020 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилиши белгиланган.

Жорий қилинган хавфни бошқариш тизими орқали товар ва транспорт воситаларини йўлакларга йўналтириш инсон омилисиз амалга оширилиши ва тизим томонидан берилган топшириқ ижросини таъминлаш божхона ходими томонидан мажбурий эканлиги тушунтирилди.

Бу борада божхона соҳасида оид савол ва мурожаатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки вилоят божхона бошқармасининг (65) 221-61-00, (65) 221-65-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилмоқда.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бугун божхона органлари фаолиятида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигининг оширилиши ва бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кўплаб фуқароларнинг муаммолари бартараф этилиб, юқори иш самарадорлигига эришилмоқда.

 

14.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг