Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ургут” эркин иқтисодий зонасида экспорт учун мўлжалланган товарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган
656
Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулотларимиз экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида, мутасадди ташкилот ва давлат органлари томонидан ҳам бугунги кунда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жасурбек Файзуллаев ва бир гуруҳ божхона ходимлари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналарга амалий кўмак бериш, улардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида тадбиркорлар билан учрашув ўтказишди.

Ташриф давомида божхона ходимлари тадбиркорларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, ташқи иқтисодий фаолият, шунингдек экспорт ва импорт бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича батафсил тушунчалар бериб ўтишди.

Пандемия шароитига қарамасдан, ўтган 2020 йил июн ойида “Ургут” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Elite-Elektro-Group” корхонаси иш фаолиятини бошлади.

Корхона ўтган йилда ўз эҳтиёжлари учун четдан салкам 304 минг АҚШ доллари қийматидаги технологиялар, асбоб-ускуналар ва хомашёлар келтирган бўлса, шундан 435 миллион сўмдан зиёд божхона тўловларидан имтиёз берилган.

Ҳозирда 40 нафар ишчи билан корхона томонидан 4 хил турдаги кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилмоқда.

Йилига 60-70 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мазкур корхона бугунги кунда маҳсулотларини ички бозордан ташқари, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилмоқда.

Хусусан, биргина Қирғизистон давлатига 2020 йил декабрь ойида 100 дона кир ювиш машинаси экспорт қилинган.

2021 йилда ҳам корхона раҳбарияти экспорт ҳажмини ошириш борасида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Жорий йилдан корхона томонидан Қирғизистонга қиймати 350 минг долларлик 10 минг дона ҳамда Тожикистон давлатига эса қиймати 660 минг долларлик 20 минг дона кир ювиш машиналарини экспорт қилиш режалаштирилган.

Айни дамда корхона томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун изланган тадбиркорнинг имкони катта. Юқори марраларни кўзлаган корхона раҳбарияти тез кунларда турли хилдаги музлакичларни ҳам ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

Бунинг учун эса давлатимиз томонидан тадбиркорларга етарлича шароит ва имкониятлар яратиб берилган.

 

 

6.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг