Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
1523
Ижтимоий тармоқларда, фуқаро А.Деҳқонов томонидан Фарғона вилоятининг Сўх туманида етиштирилган олмани республикамизга олиб киришда юзага келган муаммолар баён этилган.

Давлат божхона қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан қўйидагиларни маълум қилади.

2021 йил 15 январь куни фуқаро А.Деҳқонов жами 21 тонна олмани республикамизнинг эксклав ҳудуди ҳисобланувчи Сўх туманидан вилоят ҳудудига олиб кириш учун “Фарғона” чегара божхона постига мурожаат қилган.

Автомашинага ортилган олма божхона кўригидан ўтказилганда, Сўх туманида етиштириладиган маҳаллий олма навларидан фарқ қилиши ва хорижда етиштирилган олма Эрон ёзувлари мавжуд пластик яшикларга жойлаштирилганлиги аниқланган.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг расмий маълумотларига кўра 2020 йил давомида Сўх туманида жами 7 800 тонна миқдорида олма етиштирилган.

2020 йил давомида Сўх туманида етиштирилган олма тўлиқ миқдорда (7 800 тн) республикамиз ҳудудига олиб кирилган.

Шу боис, А.Деҳқонов олиб кирмоқчи бўлган олма қўшни давлат ҳудудидан Сўх туманига айланма йўллар орқали олиб кирилиб, Сўх туманида етиштирилган олма сифатида республика ҳудудига давлат бюджетига божхона тўловлари тўламасдан олиб киришга уриниш ҳолати деб ҳисоблаш мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур олмани республика ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилмаган.

А.Деҳқоновга мазкур олмани хорижда етиштирилганлиги, унинг истеъмолга яроқлилиги текширувдан ўтказилмаганлиги, ҳамда Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиб ва таомиллари ҳамда давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари тўғрисида тушунтириш берилган.

Шундан сўнг, ушбу “олма”нинг ҳақиқий эгалари “Ўткир” ва “Мулла” исмли шахслар божхона постига келган ва улар вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан қабул қилиниб, ушбу шахсларга хам тўлиқ тушунтиришлар берилган. Шундан сўнг улар “олма” учун тўловларни тўлашдан бўйин товлаган ҳамда ўз ихтиёрлари билан божхона пости ҳудудидан ташқарига, яъни ортга қайтиб чиқиб кетишган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, божхона органлари томонидан қонун доирасида фаолият юритаётган дехқон фермер хўжаликлари ва экспортёрларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

15.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг