Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда брифинг бўлиб ўтди
1877
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда ўтган давр мобайнида вилоят божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар, соҳадаги янгиликлар тўғрисида ахборот берилди.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган экспорт-импорт операцияларининг ташқи савдо айланмаси
1 млрд. 220,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Ташқи савдо айланмасида энг юқори улуш Хитой, Россия, Туркия ва Япония давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Товарларни хорижга экспорт қилиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилган.

2020 йилнинг январь-ноябрь ойларида вилоятда 591 та корхона томонидан 277,3 млн. АҚШ доллари қийматига эга товарлар экспорт қилинган.  Жумладан:

- мева-сабзавот маҳсулотлари – 111,4 млн доллар;

- тўқимачилик маҳсулотлари – 64,9 млн доллар;

- озиқ-овқат маҳсулотлари – 20,5 млн доллар;

- калава ип – 17,0 млн доллар;

-  транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари – 17,0 млн доллар;

- бошқа маҳсулотлар– 26,5 млн долларлик экспортга расмийлаштирилди.

Ўтган давр мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона расмийлаштирувида жами 1 трлн. 546,2 млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Бундан ташқари, пандемия шароитида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда фаолият юритиб келаётган 85 нафар тадбиркорлик субъектларига жами 225,9 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. 

Шу билан бирга, импорт қилинган товарлардан 1 трлн. 52 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилган.   

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят божхоначилари томонидан “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш бўйича олиб борилган тадбирлар давомида 478 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада 4 млрд. 314 млн. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жами 6 млрд. 395,2 млн. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 24 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 433 таси бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган.

Шу кунларда дунё бўйлаб кўнгилочар ва бошқа маиший мақсадларда ишлатиладиган пиротехника буюмларидан фойдаланиш кўламининг ортиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, янги йил кириб келиши олдидан мазкур масала янада долзарблашади. 

Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 16 та божхона қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 168 миллион сўмлик 505 минг дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолинган.

2021 йилдан бошлаб божхона соҳасида бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда.

- Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 814-сон қарорига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб – Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида “яшил” ва “қизил” икки йўлакли тизим кучга киради.

Бу эса, автомобиль ва темир йўл чегара божхона постлари орқали фуқароларни тезкорлик билан божхона тартиб таомилларидан ўтказиш имкониятини беради.    

-  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги  700-сон қарорига кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб:

- божхона йиғимлари ставкалари қатъий белгиланиб, базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқади;

- рухсат этувчи хусусиятдаги ҳужжатларни бериш билан боғлиқ айрим турдаги божхона йиғимлари бекор қилинади;

- товарларни «божхона ҳудудида қайта ишлаш» ва «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимларида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкалари пасайтирилади.

Шунингдек, божхона органлари томонидан товарларни ТИФ ТН коди билан таснифлаш юзасидан дастлабки қарор қабул қилинганлик учун божхона йиғими миқдори кескин камайтирилди, олдин 50 евро миқдорида бўлган бўлса, эндиликда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи, яъни 167.250 сўм қилиб белгиланган. Импорт қилинган товарларнинг ТИФ ТН кодида тадбиркорларимизда шубха бўлса, божхона органларига мурожаат қилиб, бу юзасидан товарнинг ҳақиқий ТИФ ТН кодини билиб олиш имконини бериб, турли хил ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олди олинган бўлади. 

Ушбу фурсатдан фойдаланиб эслатиб ўтамиз, вилоят божхона бошқармасида (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” тизими 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. Агарда соҳага оид саволларингиз бўлса тўғридан-тўғри телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳурматли юртдошлар, Сизнинг вилоят божхона бошқармасига қилган ҳар бир мурожаатингиз жавобсиз қолдирилмайди.

Жасурбек Файзуллаев,

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги

15.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг