Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Пақилдоқ”лар... Фарзандларимиз учун роҳатми ёхуд кулфат?!
2017

“Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати,
албатта, шу халқнинг ички интизоми
ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик-тотувлик
эса шу миллат аъзолари ва оилаларининг
интизомига таянади. Қаерда оила муносабати
кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат
ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”.

Абдурауф Фитрат

Халқимиз миллий қадриятлари ва инсоният тамаддунига қўшган муносиб ҳиссаси, жасоратли халқ эканлиги ҳамда кишиларимизнинг одоб-икроми, айниқса оилавий тарбияси юқорилиги билан дунёни ҳайратга солгани бежизга эмас. Аммо бугунги мураккаб замонда урф-одатга кириб бораётган баъзи унсурлар орқали ўзининг ижобий хислатларидан айримларини йўқотаётгандек намоён бўлмоқда.

Бунга мисол тариқасида кенг нишонланаётган байрам, тантана ва бошқа қувончли кунларни олайлик. Ота-боболаримиз кўнгилочар маросимларни одмироқ ўтказганлар. Ҳозир эса халқимиз маданияти ва урф-одати, эътиқодига хос бўлмаган тарзда ҳеч бир фойдасиз, салбий оқибатлар ва исрофгарчиликлар келтириб чиқарувчи “ўзбошимча” мушакбозликлар одат тусига кирди.

Ваҳоланки, давлатимиз томонидан халқимизга, ёш авлодга байрам кунлари шавқ-завқ бағишлаш учун жамоат тартибини сақлаган, хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминлаган ҳолда Тошкент ва шаҳарларда уюшқоқлик билан байрам ўтказиб келинмоқда.

Айниқса, сўнгги йиллардаги юртимизда нишонланаётган байрам тантаналари ва турли жило ва рангларда товланиш берадиган камида 20-30 дақиқалик мушакбозликлари ўзининг ҳайрати ҳамда давомийлиги билан энг ривожланган давлатлардаги шодиёналардан қолишмаяпти. Шаҳримиздаги “Hilton” меҳмонхонаси ва бошқа юқори қаватли бинолар улкан экранга айлантирилиб, уларда байрам табриклари ёзуви доимий аксланиб, барчага қувонч бахш этмоқда.

Шу билан бирга, минг таассуфки, охирги йилларда айрим маданиятсиз оилалар, турли байрам тадбирларини маҳаллаларда ўзбошимчалик билан ташкил этилган мушакбозлик ва авжи, шовқинига чидаб бўлмайдиган ҳолатда кутмоқдалар. Бунда болалар, ёшларнинг ўзи эмас, балки, катталар, ота-оналар томонидан ёки уларнинг бевосита иштирокида амалга оширилаётгани янаям аянчли ҳолдир. Қўлбола, ҳеч ким хавфсизлиги учун жавоб бермайдиган пақилдоқлар, петардалар, фейерверклар ва “бомбачалар”дан фойдаланиладиган мушакбозликлар байрам, тўй-базмларнинг асосий унсурига айланди.

Мутахассисларнинг фикрича, пиротехника воситалари тез ёнадиган моддалардан тайёрланади ва уларнинг деярли барчаси ёнғин чиқиш хавфи юқори бўлган буюмлар ҳисобланади. Пиротехника мақсадига кўра техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмларидан фойдаланиш (хавфлиликнинг III-V класслари) ва маиший (хавфлиликнинг I-II класслари) турларга бўлинади ва барчасидан лицензия орқали фойдаланиш белгиланган. Бугун ўзбошимчалик билан қўлланилаётган пиротехниканинг аксарияти ҳаттоки ишлаб чиқарилган давлатнинг ўзида сертификатга эга бўлмаган контрафакт маҳсулотлардир. Ачинарлиси, тўю байрам, кўнгилочар тадбирларда пиротехниканинг қўлбола, техник ва махсус туридан фойдаланишига йўл қўйилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бундай маҳсулот ва воситаларнинг қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, республикага олиб киришга қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан жиддий тадбирлар ўтказилмоқда. Биргина, 2019 йилда пиротехника воситаларнинг божхона чегараларидан ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 310 та ҳолатда қиймати 4,7 млрд. сўмлик, 4,3 млн. дона, шунингдек, жорий йилда 100 та ҳолатда 2 млрд. сўмлик, 2,6 млн. дона фейерверк, салют, петарда, хлопушка каби зиёнкор “пақилдоқ”лар ушлаб қолинди.

Ҳолатлар юзасидан мисоллар келтирмоқчиман. Масалан, 2020 йил 20 ноябрь куни тўхтатилиб кўздан кечирилган Ўзбекистон фуқароси У.К.А бошқарувидаги “Isuzu” русумли автоуловда қиймати 303 млн. сўмлик, 6 хил турдаги 315 минг 417 дона пиротехника воситалари олиб аниқланган ва далилий ашё сифатида олинган.

2020 йил 1 сентябрь куни Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Булоқбши туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўшни давлат фуқароси С.Сатимов чегара ҳудуди орқали 8 дона қутиларга солинган 52,2 млн. сўмлик, 300 дона пиротехника воситаларини олиб ўтмоқчи бўлган вақтда ушланди.

2020 йил 27 октябрь куни Сирдарё вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ўзбекистон фуқароси Ш.Шавкатов бошқарувидаги “Ласетти” русумли енгил автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, автомашинада ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 4 турдаги 100 млн. сўмлик, 120 минг донадан ортиқ салютлар ва пиротехника маҳсулотлари аниқланган.

2020 йил 7 ноябрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор ходимлар томонидан ўтказилган тадбир давомида Ш.Азизовга тегишли - “яма” сифатида ноқонуний кириб келган товарларни сақлашга мўлжалланган Тошкент шаҳар Миробод туманидаги хонадон кўздан кечирилди. Тадбир натижасида мазкур хонадондан қиймати 300,2 млн. сўмлик, шундан 265,0 млн. сўмлик, 30 минг донага яқин  пиротехника воситалари ҳамда 35,0 млн. сўмлик 2427 қути тамаки маҳсулотлари олинди. Барча ҳолатлар юзасидан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Бундай воситаларга, “тўқликка шўхлик” деганларидек, талаб ва таклифнинг борлиги ноқонуний савдо ортидан чўнтагини қаппайтириш, ҳаром бойлик орттиришга уринаётган, қонундан ва Яратганнинг қаҳридан қўрқмаётган, тинчлик-саломатлик каби бебаҳо бойликларнинг қадрини билмайдиган шахсларга қўл келмоқда.

Натижада тўй-тантана, байрамлар азага айланиб, қаердадир ёнғин содир бўлган, ким тан жароҳати олган, ким куйиб қолган, кимнинг кўзи кўр бўлган, кимнинг қўллари ёки бармоқлари узилган, боласи билан шифохонада тонг оттирган, кимнинг юраги хуруж қилган. Бундай нохуш оқибатларни кўплаб келтириш мумкин.

Суҳбатдош бўлган тиббиёт ходимларининг хулосасига кўра, “пақилдоқ”нинг бехосдан қаттиқ портлаши, кишини чўчитишга сабаб бўлгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Кишиларнинг фожеали ўлимдан ташқари тананинг юз, кўз, қўл соҳаларида оғир чуқур куйиш жароҳатлари, кўзларнинг шикастланиши, кўриш фаолиятининг қисман ёки бутунлай бузилиши, жароҳат асорати билан боғлиқ пластик операцияларга муҳтожлик, куйган соҳаларида дағал чандиқлар, қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда. Ижтимоий нуқтаи назардан қарасак, эртага келин-куёв бўладиган забардаст ёшлар ногиронлик тамғасини  олиб, “айбдор” бўлиб қолмоқдалар.

Пиротехника воситалари шовқинидан қаттиқ қўрқиш оқибатида содир бўладиган руҳий бузилиш, эшитиш, сурункали асаб ва қон томир тизими касалликлари, қандли диабет, ҳомилага зиён етиши ва бошқа касалликларга чалиниш мумкин. Кўпчилик ҳолларда кутилмаганда яқин масофада пиротехниканинг портлашидан инсон баротравма ва акустик жароҳатлар олиб, карлик ёки умрбод қулоқ шанғиллаши (тиннитус) касаллигига йўлиқади.

Яна ҳаётий мисолларга қайтайлик: 2019 йил 30 декабрда Ўрта Чирчиқ тумани “Қумовул” ҚФЙда яшовчи, 18 яшар йигитнинг қўлида пиротехника воситаси портлаши оқибатида “чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилиши, бармоқлар тирноқ фалангасининг травматик узилиши” воқеаси содир бўлган.

Ўтган йили Янгийўл шаҳри Файзиобод маҳалласида қўлбола пиротехник воситалари кучли портлаши натижасида оиланинг якка-ю ягона фарзанди 14 ёшли ўсмирнинг қўл-оёқлари сочилиб кетган ва жароҳат туфайли ўсмир вафот этган. Тан жароҳатлари билан боғлиқ бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Эътиқодимизнинг назарий билимлари ва суҳбатдош уламонинг фикрича мушакбозлик муқаддас динимизга ёт. Бу амаллар мажусийлик, будда каби динлар ғоялари бўйича “ёвуз руҳлар”ни ҳайдашга қаратилган.

Келинг, азиз муштарий, бир ўзимизга ўзимиз савол берайлик: Хўш, куёвнавкарлар келиннинг уйига келишганда, келинни олиб чиқиб кетишаётганда, тўйхоналарда, келин янги уйга кириб бораётганда, янги йилни кутиб олаётганда, айрим туғилган ва юбилейларда “пақилдоқ” портлатишдан не фойда? Бунинг нима маърифий-маънавий ёки тарбиявий аҳамияти бор?

Ижтимоий тарафдан, тинч аҳолига, қўни-қўшнига, бешикдаги гўдакларга, беморларга ўтказилаётган зулм ва моддий тарафдан қаралса, оила бюджетига зарар ва ўз маблағини исроф қилишдан бошқа нарса эмас. Хуллас бир сўз билан айтганда, динда йўқ макруҳ амал, оғир гуноҳдир. Бу ҳақда муқаддас китобимиз Қуръон Карим оятларида ва саҳиҳ ҳадисларда кўплаб асослар мавжуд.

Ислом таълимотига кўра, Ҳақ таоло инсонга бераётган неъматларга шукур қилиш, унинг розилиги учун бир-бирларига раҳм-шафқатли бўлишни буюрган. Аксинча, инсон ҳаддидан ошса, ўзаро меҳрибонлик ўрнига зулм, нафрат тарқалади, неъмат-у илоҳий марҳаматлар қисқаради.

Ўзбошимчалик билан ташкил этилган мушакбозликлар ва пиротехниканинг аянчли оқибатлари, инсонларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, уларнинг соғлиги ва турар-жойларга жиддий зиёнлар етказаётгани боис қонунчиликка қатъий ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 25 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 234-сон қарори билан тасдиқланган “Пиротехника буюмларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисида”ги Низомга кўра бугун республикада ягона “Bars sporting” МЧЖга лицензия берилган холос.

Маиший мақсаддаги пиротехника буюмлари (хавфлиликнинг I-II класслари) тайёрловчининг йўриқномаси талабларига риоя қилиш шарти билан якка тартибда фойдаланиш мақсадида фуқаролар томонидан эркин сотиб олиниши, ташилиши, сақланиши ва фойдаланилиши мазкур Низом билан тартибга солинган.

Пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, республикага олиб киришнинг олдини олиш борасида қатъий чоралар белгиланди. Одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо қўлланиладиган жиноят ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 309-сон қарори билан бозорлар, савдо комплекслари ва корхоналарининг раҳбарлари ўз ҳудудларида пиротехника воситалари савдоси ва сақланиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортишгача шахсан жавоб бериши тўғрисида қатъий огоҳлантирилдилар.

Барча ресторан, кафе ва тўйхона эгалари томонидан тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчи бузилмаслиги учун тўй-ҳашамдан сўнг, шовқинли ҳолатлар булмаслигини таъминлаш белгиланди. Шунингдек, бу борада кенг миқёсдаги тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда пиротехникадан фойдаланишнинг аянчли оқибатлари акс этган, шунингдек бундай воситаларнинг ноқонуний айланишига уринган шахсларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан материаллар берилмоқда.

Бундан ташқари, божхона хизмати органлари томонидан ушбу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимликлар, жамоатчилик ташкилотлари ва маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилмалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Ушбу сўзлар билан мақоламизга якун ясасак бўларди, аммо масаланинг энг нозик, энг муҳим жиҳатига биз эътибор қаратмаган бўлар эдик...

Энди масаланинг туб моҳиятига, фарзандларимизнинг “пақилдоқ”ларга ўчлиги ва иштиёқмандлиги ошиб бораётганлигига қарасак, буни ёмон тарбия ва кишилар онгида пайдо бўлган маънавий бўшлиқ, қонунлардан қўрқмаслик, уларни ҳурмат қилмаслик, “тақиқланган нарсани ўзида синаб кўришга уриниш” билан уйғунликда амалга оширилаётганлигини кўрамиз.

Чунки, сир эмаски, аввало бола ўз наслига тортади, ота-онадаги яхши фазилатлар, феъл-атворидаги нуқсони қусурлар фарзандларга ўтади. Бежизга доно халқимизнинг “қуш уясида кўрганини қилади”-деган ибратли мақоли пайдо бўлмаган. Шу ўринда буюк юртдошимиз мутафаккир Мирзо Бедилнинг:

Аввал ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор.

деган мисраларини келтириш кифоя.

Баъзи ота-оналарнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги, фарзанд тақдирига бефарқлиги туфайли фарзандлари улар берган пулларини бефойда ўйинларга, “пақилодоқ”ларга сарфлаб, ўзлари-ўзларига зарар сотиб олмоқда. Бировларга зулм ўтказмоқда. Кўп ҳолларда инсон учун берилган соғлиқдек буюк неъматнинг қадрига етмаслик туфайли оилалар бошига кулфат келтирмоқда. Ота-оналарнинг фарзанд доғида куйиши-ю, ногирон боқишига сабаб бўлмоқда.

Янги йил олди аҳоли гавжум жойлар, савдо расталари ва бозорларга кирсангиз, ёшлар ва ўсмирлар, “тоғни урса талқон қиладиган” сўлоқмондек ўсмирлар ва кап-катта йигитларнинг қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, болалар ва ҳаракатланишда кўмакка муҳтож шахсларнинг оёғи остига ёки яқинига “пақилдоқлар” ташлаб ҳузурланишига, хохолашиб, қий-чув кўтаришларига кўп марталаб гувоҳ бўлганмиз. Қўрқиб кетган жабрланувчиларнинг эса камида “падарингга лаънат” деб койинишларию, бўралатиб сўкиш ёки қарғашларини кўплаб эшитганмиз.

Бунақа қарғишларга сазовор бўлаётганлар кимлар?

Улар беқарорлик, стресс ва депрессия шароитида мафкуравий иммунитетга эга бўлмаган, билими ва медиамаданияти паст ота-оналар қарамоғида, мафкураси заиф, оила маънавияти ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ғоявий тарбияси етарли бўлмаган оилаларда худбин, лоқайд, шафқатсиз, аламзада, калтафаҳм, “ўйинқароқ”, ахлоқсиз бўлиб вояга етган шахслардир. Жангари ўйинларни ўйнаб, жангарилик муҳитида вояга етган фарзанд қалби қотиб, ёвузлик, шафқатсизлик, зўравонлик, золимлик, тошбағирликни вужудига жо қилади. Бинобарин, бугун бегуноҳ гўдак, ожиза аёл, ногирон ёки ҳимоясиз қариянинг оёғи остига “пақилдоқ” отиб қўрқитган шахс, керак бўлса ўз манфаати учун эртага кимгадир автомат отишга, кимнингдир устига ҳаттоки граната улоқтиришга шай туради десак муболаға бўлмайди.

Бундай шахсларнинг онги-шуурида қатъиятсизлик, тадбирсизлик, лоқайдлик, номардлик ва журъатсизлик, жаҳолат ва вайронкор ғояларга мойиллик каби иллатлар ҳукм суради. Ўйловсизлик сабаб худбинлик, худкушлик, босқинчилик, талончилик каби жиноятларни бемалол содир эта олади.

Буларнинг барчасини давоси – ота-оналикдек шарафли масъулиятни ҳис қилган ҳолда, фарзандни гўдаклигиданоқ яхши фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашдир. Буюк аллома Абу Али Ибн Сино таъбири билан айтганда “Бола хулқини мўътадилликда сақлашга алоҳида эътибор бериш керак. ... боладаги ёмон хулқ турли мижоз бузилишларидан пайдо бўлади”.

Бунга “пақилдоқ” ёки қандайдир “жангари ўйин” ва вайронкорлик билан эмас балки, китоб билан дўст қилган ҳолда юксак билим, намунали одоб-ахлоқ, маърифат, спорт, санъат ва фойдали меҳнат билан эришилади.

Зеро, бугун юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббусни амалга ошириш учун ҳозир керагидан ортиқ имкониятлар мавжуд. Шу боис, халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат турлари бўйича танловларда юртимизда туғилиб ўсган фарзандларимизнинг юқори марраларни эгаллаб, дунё аҳлини лол қолдираётгани бекорга эмас.

Жамиятга қандай тоифадаги ёшлар зарурлигини узоққа бормасдан буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг тузукларини ўқиган ва уққан ҳолда  аниқлаб олишимиз мумкин. “Тузуклар”даги “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир” деган тавсифлари буни исботлаб турибди.

Фарзандни яхши яшашини, бахтли бўлишини ҳамма истайди. Уларни бахтга бўлган интилишларини сўндирмасликка ҳаракат қилади. Бироқ, болани хафа қилмаслик учун хоҳлаганини эмас ахлоққа зид бўлмаганини ширин такаллуф, қаноатбахш сўзлар билан сийлаш муҳимдир.

Бугунги глобаллашув даврида эса кўпчилик оналар ижтимоий тармоқ ва оммавий маданият унсурлари билан банд бўлиб, фарзанд билан шуғулланиш ўрнига боланинг қўлига пул бериб, “бор бошимни оғритма, кўчага чиқиб ўйнаб кел” –деб ҳайдаб солади. Уни нима билан шуғулланаётганлиги, кимлар билан ўйнаётганини назорат қилмайди. Назоратсиз қолган ва тергалмаган бола қўлидаги пулни ўзи ҳоҳлаган нарсага сарфлашга эришади. Натижада тарбияси учун китобнинг ёки интеллектуал воситаларнинг ўрнига “пақилдоқ” ва шу каби енгил-елпи воситаларни харид қилади.

Юсуф Хос Ҳожиб минг йил олдин “Ўғил-қизнинг феъли-хулқи яхши ёки ёмон бўлса, унинг сабабчиси ота ва онадир. Ота фарзандини тергаб тарбияласа, унда феъл-йўриқ яхши бўлади, ота ва онасининг юзини ёруғ қилади. Агар назорат қилувчиси бўлмаса, ундай фарзанд ярамас ва нобакор бўлади. Бундай фарзанддан умидингни узавер. Эй ота, ўғил-қизни тергаб тарбиялагин, токи кейин сендан нолувчилар бўлмасин” –деганда ҳақ эди.

Шу ўринда халқимизнинг суюкли шоираси Зулфия Мўминованинг бугунги кун иллатларидан халос бўлиш ва болаларни китобга дўст қилиш учун ёзган шеъридан айрим сатрларни иқтибос сифатида келтиришни лозим топдим.

...Ёвузлик топмай хабар,

Болага китоб беринг!.

Қинғир йўлга кирмасдан,

Пешонага урмасдан,

Кимдир пичоқ бермасдан,

Болага китоб беринг

Кескир қилич бўлсин у,

Китобга ўч бўлсин у,

Енгилмас куч бўлсин у,

Болага китоб беринг!.

Қуръони каримда, ҳадисларда ҳам ота-онага фарзандларини оқибатли, билимли қилиб тарбиялаш фарз қилинди. Чунки, инсон моддий ва жисмоний озуқа олгани билан руҳий ва маърифий озуқа олиб турмас экан маънавий қашшоқланиши ва ўз йўлини йўқота бориши табиий. Уларни меҳнатга, касб-ҳунарга ўргатиш билан бирга, “нима яхши-ю, нима ёмонни” фарқлай билиш учун танқидий фикрлашни, танқидий мулоҳазани ўз ҳаракатларини танқидий таҳлил қилиш ва баҳолашни сингдириш керак.

Халқимиз, айниқса фарзандлар онгида бундай ёт иллатлар ва зиёнкор воситалардан нафратланиш туйғусини шакллантирайлик.

Токи, фарзандларимиз камолотни ва маънавий тарбияни унинг бахтли келажагига хизмат қиладиган китобдан олсин. Чунки, фарзанд фақат ота-онаники эмас, у миллатнинг фарзанди, Ватаннинг суянчи ва таянчи ҳамдир.

Келинг, тўй-тантана азага айланмасин, аҳолига ташвиш, қайғу-ғам келтирмасин. “Пақилдоқ”лар фарзандларимиз учун кулфат ҳалол меҳнат билан топган маблағларимиз увол-у исроф бўлмасин! Осойишталигимиз, хавфсизлигимиз
ва нуридийдаларимиз саломатлигидек - азиз неъматларга путур етмасин.

Янги йил ва бошқа байрамларни “пақилдоқ”ларсиз, гумбурлаш-у, шовқин суронларсиз, сокин ва ҳашаматли шаҳару қишлоқлар, кўча-ю хиёбонлардаги ажойиб қиёфа касб этган майдонларда болажонларнинг шодон кулгисини эшитадиган шароитда мамнунлик ила кутиб олайлик. Байрамона безатилган тўкин дастурхон атрофида хуш кайфиятда, пиру бадавлат ғанимат инсонларни эъзозлаб, уларнинг ёшларга дуолари, ўгит-насиҳат ва эзгу тилаклар билдиришлари билан нишонлайлик.

Тўй-тўйдек, байрам байрамдек ўтишига ҳамда яқинларимизнинг хавфсизлиги, соғлиғига барчамиз бирдек масъуллигимизни унутмаган ҳолда “пақилдоқ”лар ўрнига қизиқарли китоблар, ширинликлар, яқинларимиз учун байрам совғалари харид қилайлик! 

Ҳабибулла Азизов
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси
раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини
ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

24.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг