Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Рақамли божхона – ташқи савдода шаффофлик гарови!
2370
Давлат божхона қўмитаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Рақамли божхона – ташқи савдода шаффофлик гарови” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Рақамли божхона – ташқи савдода шаффофлик гарови!

Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати тегишли бошқармалари бошлиқлари соҳани рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумотлар тақдим этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ6005-сон Фармони том маънода божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва божхона хизматида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот - коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, содда қилиб айтганджа “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда божхона органлари 56 та ахборот тизимлари ва  30 та  интерактив хизматлар (шундан, 2020 йил давомида 6 та ахборот тизимлари ва  13 та  интерактив хизматлар) татбиқ этилган.

Хусусан, божхона органларида “Хавфни бошқариш” тизимининг жорий этилиши натижасида, бугунги кунда қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Ушбу тизимни такомиллаштириш орқали 2020 йил 1 июндан синов тариқасида автомобиль чегара божхона постларида амалиётга жорий этилди. Бу ҳам ўз навбатида келгусида чегара божхона постларидаги навбатларнинг сезиларли қисқаришига ёрдам беради.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.

Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 62 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда ахборот тизимларининг ўрни катта эканлигини тушунган ҳолда, расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилди.

Масалан, божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди (жараёнга илгари 2-3 соат вақт кетган, бир неча хизмат китоблари юритилган эди, ҳозир 1-2 дақиқа сарф этилмоқда, энг асосий коррупцион ҳолатлар олдини олишга катта қадам бўлди).

Эндиликда божхона тўловларини мобиль-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилди. 2020 йил 10 ойида ушбу тизимдан фойдаланиб, 110 млрд. сўм тўловлар келиб тушди.

Шунингдек, ҳозирда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратларидан ўтказиш ва пост ҳудудидан чиқиб кетиши назоратини “электрон шлагбаум”га асосланган, чегара божхона постларида фаолият кўрсатаётган давлат идоралари уланган “Транспорт назорати” автоматлаштирилган ахборот тизимини амалиётга жорий этиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

Тизим ёрдамида, товар ва транспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига кириб келишидан чиқиб кетгунгача бўлган назорат тадбирлари замонавий қурилмаларни татбиқ этган ҳолда автоматлаштирилиб, “Ягона дарча” тамойилига кўра расмийлаштирувга асосланган Инновацион (ақлли) божхона пости амалиётга жорий этилади.

Ўтказиш пунктида Давлат назорати органлари томонидан ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказиш учун сарфлаган вақт тўғрисидаги маълумотларни онлайн режимида олиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, ушбу тизимнинг амалиётга жорий этилиши чегара ўтказиш пунктларида назорат олиб борувчи органлар томонидан тегишли тартиб-таомилларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш ва унга сарфланадиган вақтни қисқартириш имконини беради.

Мазкур тизим дастлаб “Яллама” чегара божхона постида, сўнгра босқичма-босқич мавжуд чегара божхона постларида жорий этилиши режалаштирилган.

Ҳозирда божхона органлари томонидан “Автотранспорт воситалари навбатларни бошқариш” ахборот тизимини амалиётга жорий этиш устида ҳам ишлар амалга оширилмоқда.

2020 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Давлат божхона қўмитаси жисмоний шахслар учун транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имкониятини жорий қилди. Эндиликда электрон тўлов тизимлари орқали чет эл автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш муддатини онлайн равишда узайтириш мумкин.

Шунингдек, чегара божхона постлари инфратузилмасини яхшилаш, уларнинг фаолиятини рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Қозоғистон билан чегарадош бўлган “Даут-ота”, “Сирдарё”, “Ғишткўприк”  ва  “Яллама”, Туркманистон билан чегарадош “Олот”, “Хўжайли”, “Шовот” ва “Дўстлик”, Тожикистон билан чегарадош “Сариосиё” чегара божхона постлари тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада, постларнинг суткалик йўловчи ўтказиш қобилияти 2 баробарга, автотранспорт ўтказиш қобилияти эса 4 баробарга ошди.

Мазкур божхона постлари инсон танасини сканер қилувчи “Body Scan”, юк автотранспорт воситаларини сканер қилувчи Инспекцион кўрик мажмуалари, электрон шлагбаум, давлат рақамини аниқлаш тизимлари каби “инновацион” назорат - техник воситалар ва замонавий ахборот технологиялари билан таъминланиб, “Рақамли божхона” талабларига мослаштирилди.

Ҳозирда ушбу постларда синов тариқасида “Навбатларни бошқариш” ҳамда “Транспорт назорати” ахборот тизимлари жорий этилиб, шу ерда фаолият юритаётган давлат назорати идоралари томонидан автотранспорт ва ҳайдовчиларни назоратдан “ягона дарча” тамойили асосида ўтказилиши йўлга қўйилди. Натижада, ушбу жараёнларга сарфланадиган вақтни кескин қисқартириш ва транспорт воситалари тирбандлигини олдини олиш имконияти яратилади. Келгусида ушбу ахборот тизимларини босқичма-босқич транспорт оқими юқори бўлган чегара божхона постларида жорий қилиниши режалаштирилган.

Тадбирда 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг бугунги фаолияти ҳақида сўз юритилди. Ҳозирда мазкур тизим орқали ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда 6 та органнинг 17 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини инсон омилисиз бериш тартиби жорий қилинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида дастур орқали 26 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчилари рўйхатдан ўтган бўлиб, ваколатли идоралар томонидан 465 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилди. Илгари мазкур рухсатномаларни олиш учун тадбиркор идорама-идора юришга мажбур бўлмоқда эди.

Замонавий ахборот-коммуникация ютуқлари ва “мантиқий назорат” функцияларини жорий этиш орқали товар ва транспорт воситалари устидан назоратни кучайтириш натижасида жорий йилнинг ўтган даврида давлат бюджетига 18,7 триллион сўм божхона тўлови ундирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 триллион сўм кўп демакдир.

Анжуманда, чегара постларида божхона назорати сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаётган - инспекцион кўрик мажмуаларининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, куни кеча “Сариосиё” темир йўл божхона постида, қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижга ўтиш мақсадида кириб келган 2 та вагонлар Инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилганда,  вагонларнинг ост қисмига махсус темир листлар пайвандланиб, тайёрланган яширин жойда қарийб 172,5 кг гиёҳвандлик моддалари яширилганлиги аниқланди.

Анжуманда келгусида соҳани рақамлаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, жорий ва келгуси йилда “Avtomatlashtirilgan tarzda chiqarib yuborish”, “Bojxona аuditi”, “E-tranzit” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.

Ўзбекистон Республикасида халқаро ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи «Е-ТIR» лойиҳаси, кафолат ҳужжатларини бериши мумкин бўлган ташкилотлар (банк, суғурта) рўйхати юритилиши тўлиқ автоматлаштирилади.

Шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши белгиланиб, бу қайта ишлаш жараёнларини кескин соддалаштиради. Бу эса умумий ишлаб чиқариш, шу жумладан экспорт хажмининг ошишига ва қўшимча иш ўринларини яратилишига замин яратади.

Бундан ташқари шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга божхона экспертизасини ўтказиш, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси кодларини аниқлаш ҳамда статистик маълумотларни тақдим этиш каби интерактив хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Яна бир янгилик - Божхона юк декларацияларини автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма - босқич амалиётга киритишни назарда тутувчи “Avtomatlashtirilgan tarzda chiqarib yuborish”  каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.

Натижада 2021 йил 1 январгача «экспорт» божхона режимига расмийлаштириладиган божхона юк декларациялари сонининг 5 фоизидан кам бўлмаган қисми, 2022 йилнинг 1 январигача эса умумий расмийлаштириладиган божхона юк декларациялари сонининг 20 фоизи  автоматик тарзда инсон омили аралашувисиз расмийлаштирилади.

Бир сўз билан айтганда, божхона органлари тадбиркорга хизмат кўрсатувчи ва кўмакчи бизнес-ҳамкор идора сифатида ислоҳ қилинади.

Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

10.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг