Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Эришилган натижалар сарҳисоби юзасидан брифинг бўлиб ўтди
3031
Барча мамлакатлар сингари пандемия бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу эса республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Пандемия сабабли келиб чиқаётган салбий таъсирларни олдини олиш ва юмшатиш мақсадида ҳозирда мамлакатимизда бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Эришилган натижалар сарҳисоби юзасидан брифинг бўлиб ўтди

Бу ислоҳотлар эса ўз навбатида божхона органлари тизимида ҳам давом этмоқда. Пандемия шароитида божхона ходимлари томонидан экспорт-импорт операциялари тезкорлик билан соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб келинмоқда. Республикамиз чегара божхона постлари орқали товарлар ҳаракати узлуксиз давом этмоқда.

Бу борада рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида вилоят ташқи савдо айланмаси 458,1 млн. АҚШ долларни, бундан экспорт – 130,6 млн., импорт – 327,5 млн. АҚШ долларни ташкил этмоқда.

Товарлар 30 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Эрон, Афғонистон, Россия, Туркия, Хитой ва Тожикистон ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт қилинган асосий товарлар: калава ип, пахта толаси, нефть ва нефть маҳсулотлари, тўқимачилик, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Товарларнинг импортига тўхталадиган бўлсак, жами 57 га яқин давлатлардан импорт қилинганлигини кўришимиз мумкин. Бу товарларга асосий: нефть ва нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, маиший буюмлар, фармацевтика маҳсулотлари, гигиеник воситаларга тўғри келади.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган  қулайликлар тадбиркорлар томонидан, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилувчи экспортёрлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

Аниқ рақамларга мурожаат қилинганда, жорий  йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан 48 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Мазкур мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Украина, Хитой ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга иқтисодий кўмак бериш мақсадида, божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 721,5 млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Барчамизга маълумки, пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг тўлов қобилияти бирмунча сустлашди. Шу мақсадда уларга тижорат банклари томонидан кредит таътиллари бериш тартиби жорий этилган эди. Эндиликда ушбу тажриба божхона тўловларини тўлаш борасида ҳам амалиётга тадбиқ этилди.

Яъни, Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5996-сон Фармонига асосан, тадбиркорларга товарлар (ишлар, хизматлар) импортида қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктириш ҳуқуқи берилди. Бунда тадбиркор кечиктирилган суммани кейинчалик 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш имконига эга бўлади.

Бугунги кунга қадар Бухоро вилоятида ушбу Фармонга мувофиқ, импортёр корхоналарга жами 27,4 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.

Бундан ташқари, республика ҳудудида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти  ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги 449-сонли қарори асосида бир қатор тиббий воситаларга имтиёзлар берилди ва уларнинг божхона расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар:

– 84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан ва мажбурий сертификациялаштирилмасдан импорт қилинишига;

– 46 турдаги дори воситалари импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда уларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш асосида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда)  ва реализация қилишга рухсат берилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши 2020 йил 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Бунда, айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга рухсат Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентликнинг кўшма хулосаси асосида рухсат берилиши белгиланди.

Шу билан бирга, аҳоли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, бозорларда маҳсулотлар нархини мутаносиблигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик  субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Ушбу товарлар рўйхатидан 20 турдаги маҳсулотлар ўрин олиб, улар парранда гўшти, балиқ, шакар, пиёз ва бошқа гигиеник воситалардан иборат.

Бу каби енгилликлар ҳамда қулайликлар давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан 2020 йил 1 августдан,

темир йўл транспорти ташкилотлари божхона органларига ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тақдим этишлари;

2020 йил 1 сентябрдан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши;

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб, божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, Фармон билан божхона аудити ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш бўйича алоҳида таркибий тузилмалар ташкил этилди.

Мазкур тузилмаларни ташкил этиш орқали божхона органлари томонидан шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назоратни амалга ошириш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларидаги давлат назорати функцияларини соддалаштириш, самарадорлигини оширишга эришилади.

Фармон ижросини таъминлаш орқали қуйидаги ютуқларга эришилади:

асосий чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизациялаш орқали божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;

“Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартириш;

Рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш асосида инсон омилисиз маълумотларни олиш ҳамда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини халқаро норма ва стандартларга мувофиқ соддалаштириш;

Мамлакатимизнинг туризм ва инвестиция жозибадорлигини  янада оширишга имкон яратади.

Ҳозирги кунда вилоят ҳудудида жойлашган халқаро мақомга эга “Олот” чегара божхона пости туну-кун тўхтовсиз ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Чегара божхона постлари орқали “коронавирус” кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида, Республика махсус комиссиясининг 20-сонли йиғилиш баёнига асосан, халқаро юк ташувчи автотранспорт воситаларини республика ҳудудига кириб келиши ва ҳаракатланишининг вақтинчалик тартиби белгиланди.

Мазкур тартибга асосан, чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган ҳар бир ҳайдовчидан коронавирусга тест таҳлиллари олиниб, таҳлил натижаларига кўра ташувни давом эттиришга рухсат берилмоқда.

Маълумот учун: “Олот” чегара божхона пости орқали кириб келаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари тест натижалари чиқгунга қадар, пост яқинидаги кемпинг ҳудудида кутиб турмоқда.

Шунингдек, янги тартибга асосан хорижий юк автотранспорт воситаларининг республика ҳудудида бўлишининг умумий муддати 90 кундан 10 кунга қисқартирилди ҳамда уларнинг республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутлари ва тўхташ мумкин бўлган жойлари аниқ белгилаб берилди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Олот” чегара божхона пости орқали 2020 йилнинг ўтган даврида жами 25 291 та автотранспорт воситаси (кириш 12 224 та, чиқиш 13 067 та) ҳаракатланган бўлиб, булардан 16 640 таси юкли, 7879 таси юксиз ва 772 таси енгил автотранспорт воситалари ташкил этмоқда.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишида ТИФ иштирокчиларига яқиндан амалий кўмак бериш мақсадида, бошқарманинг 2020 йил 24 мартдаги 17-сонли буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруққа асосан, вилоят божхона бошқармасида “Ўзстандарт” агентлиги, Карантин, Ветеринария, Давлат хафсизлик хизмати чегара қўшинлари, Транспорт ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимларидан иборат тезкор штаб ҳамда “Call Center” ташкил қилиниб, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари юзасидан 24 соат давомида тегишли маълумотлар бериб борилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар, “Call Center”га тадбиркорлик субъектлари  ва фуқаролардан жами 58 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларга бошқарманинг масъул бўлим ходимлари ва тегишли ташкилот вакиллари томонидан тушунтиришлар берилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Юқоридагилардан ташқари, 2020  йил ҳисобидан қайтариб олиб чиқиш муддати тугайдиган хорижий автотранспорт воситаларига, истисно тариқасида йиғимлар ҳисобланмасдан ҳамда божхона қоидалари бузилиши ҳолатлари юритилмасдан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар республикадан олиб чиқилишига рухсат берилди.

Бу борада вилоят  божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан 200 дан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддатлари узайтириб берилмоқда.

Эслатма тариқасида Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг 221-60-00 рақамли ишонч телефонлари куну-тун ишламоқда, божхона органларига тегишли бўлган хар қандай масала юзасидан мурожаатларингиз бўлса шу рақамларга телефон қилишингиз мумкин.

Бу борада барчамиз бирлашиб, аввало ўзимизни ва яқинларимизни ҳимоя қилишга ҳамда карантин қоидаларига қаътий риоя қилсакгина натижа бўлади ва албатда бу балони енгамиз.

Дониёр Салимов

Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи

8.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг