Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ҳайратон” кўприги билан алоқалар янада мустаҳкам
3066
Термиз ёдгорликларидан бири машҳур “Дўстлик” кўприги – Ўзбекистон ҳамда Афғонистонинг жанубида жойлашган афғонларнинг порт шаҳри бўлмиш Ҳайратон ва Термизни боғлаб турувчи ягона кўприкдир. Кўприк 1981 йил Афғонистонда фуқаролик уруши айни авж олган вақтда қурилган.
“Ҳайратон” кўприги билан алоқалар янада мустаҳкам

 Толибонлар 1990 йилларда Афғонистон пойтахтининг шимолий қисмини босиб олиши натижасида “Дўстлик” кўприги номи “Ҳайратон” номига ўзгартирилди.  1996 йилда “Толибон”ларнинг давлат тепасига келиши билан хавфсизликни таъминлаш мақсадида кўприк ёпиб кўйилган эди. 2001 йилда “Хайратон” кўприги очилиб, ундан илк бор қўшни Афғонистон ҳудудига  инсонпарварлик ёрдами ўтқазилган.

Бугун ушбу кўприк орқали Марказий Осиё давлатларидан катта миқдорда буғдой маҳсулотлари экспорт қилинади. Ушбу кўприк Афғонистоннинг шимолий қисмига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи асосий манба бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда “Ҳайратон” кўприги икки автомобиль ва поезд йўлидан иборат. 2002 йилдан буён “Ҳайратон” кўприги  орқали Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасидаги савдо-сотиқ айланмаси ортиб бормоқда. Айниқса 2018 йилдан кейин кўрсаткичлар янада сезиларли даражада ошган. Бунинг омили сифатида бугунги кунда мамлакатлараро дўстона алоқаларнинг янги босқичда давом этаётганида кўришимиз мумкин.

 Алоқалар яхшиланган сари мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмасида ижобий ўсишга эришилмоқда. Шу жумладан ун, совун, арматура, кир ювиш кукунлари, бензин, гилам, мош, ловия, нўхатга бўлган талаб Афғонистонда кун сари ошиб бормоқда. Ушбу маҳсулотлар юк машиналарда ва темир йўл вагонларига ортилган ҳолда “Ҳайратон” кўпригига турна қатор бўлиб чиқиши кўзни қувонтиради.

Қайд этиш лозимки, икки давлат ўртасида стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу кўприкда хизмат олиб бориш биз божхоначилар учун шарафли ва айни дамда ўта маъсулиятли ҳисобланади.

Айниқса, Сурхондарё воҳасининг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиб, бу ерда хизмат фаолияти нақадар машаққатли эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг тинчлиги, осойишталиги, унинг иқтисодий ва давлат хавфсизлиги  йўлида Сурхондарё вилоятида хизмат қилаётган божхоначилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

  Хусусан, “Айритом” чегара божхона пости Афғонистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида авто ва темир йўл транспорти ва уларда ташилаётган товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишга ихтисослаштирилган бўлиб бу ерда хизмат туну-кун ташкил қилинган. Мамлакатимизда карантин бошлангандан буён давлат чегараларидан фуқароларни ўтказиш пунктлари вақтинчалик ёпилган бўлсада, ташқи савдо юкларининг ҳаракати тўхтагани йўқ. Мазкур пост орқали бир кунда ўртача 40-45 та енгил ва юк машиналари ҳаракатланмоқда. Темир йўл транспортида кунига 450-500 та темир йўл вагонлари божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

 “Айритом” чегара божхона постида фуқароларга ва ходимларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, халқаро стандартларга жавоб берадиган фуқаро ва дипломатларни ўтқазиш учун алоҳида заллар, аёллар хонаси, намоз ўқиш учун хоналар, болалар майдоначиси, «VIP» кутиш заллари ва бошқа қулайликларга эга бўлган замонавий божхона постининг қурилганлиги ҳар икки давлат дўстлигининг рамзий ифодасини намоён қилади.

16.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг