Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида “Коррупция – хавфсизликка таҳдид” мавзусида ёшлар форуми ва матбуот анжумани бўлиб ўтди
715
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-5618-сон Фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.
Божхона институтида “Коррупция – хавфсизликка таҳдид” мавзусида ёшлар форуми ва матбуот анжумани бўлиб ўтди

Мазкур режага биноан декабрь ойи давлат божхона органлари тизимида “Коррупцияга қарши кураш ойлиги” деб эълон қилинди.

Ойлик доирасида Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий ва таркибий тузилмаларида турли учрашувлар, тарғибот тадбирлари ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида ҳам “Коррупция – хавфсизликка таҳдид” мавзусида ёшлар форуми ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Давлат хавфсизлик хизмати институти, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Турли ҳарбий таълим муассасалари курсантлари қатнашган мазкур форумда иштирокчилар коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсати, ёшларда коррупцияга қарши маърифатни юксалтириш, коррупция – адолат кушандаси, коррупцияга қарши курашиш соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибаси: қиёсий таҳлил, муаммолар ва самарадорлик каби долзарб мавзуларда ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашишди.

Тадбирда таъкидланганидек, коррупция давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан биридир.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар  белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида  аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида  белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729 Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурида ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирлар назарда тутилган.

Қизғин ва конструктив руҳда ўтган ёшлар форумида иштирокчилар коррупцияга қарши кураш борасида ўзларининг билимларини намоён қилиб, мазкур муаммони бартараф этишдаги таклиф ва тавсияларини баён этдилар.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда иштирок этган журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун давлат божхона хизмати органларида коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам батафсил ахборотлар берилди.

Тизимда бу йўналишдаги ишлар Коррупцияга қарши курашиш бўйича  ташкил қилинган Давлат божхона қўмитасининг комиссияси томонидан қўмитанинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш дастури доирасида мувофиқлаштириб келинмоқда.

Бундан ташкари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида, Давлат божхона қўмитасида жамоатчилик асосида доимий фаолият кўрсатувчи 16 кишидан иборат ҳуқуқий тарғибот гуруҳи ташкил этилди.

Рақамларга мурожаат қилсак, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш бўйича 839 та турли тадбир ва йиғилишлар, тадбиркорлик субъектлари иштирокида 137 та учрашувлар,  ходимларнинг оила аъзоларини жалб қилган ҳолда 58 та тушунтириш тадбирлари, 971 нафар ходимлар билан индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар ўтказилган.

Тизимда коррупцияга қарши курашиш йўналишда ташкил қилинган тадбирларга369 нафар мутасадди идоралар вакиллари жалб этилди.

Бу йўналишда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан янада унумли ва самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён давлат божхона хизмати органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши кураш йўналишида 220 та материаллар эълон қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида 900 дан ортиқ тарғибот материаллари, хусусан баннерлар, буклет ва флаерлар, видеоролик ва тақдимотлар тайёрланиб, божхона бошқармалари, чегара-божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, соҳада коррупциянинг олдини олишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиб келинмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари эндиликда бевосита ўзлари Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида божхона юк декларацияларини тўлдириб, божхона органларига тақдим этиш имконияти яратилди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Хавфни бошқариш ахборот тизими орқали товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувида “яшил”, “сариқ”, “кўк” ва “қизил” йўлакларнинг жорий қилинганлиги, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ўз идорасидан туриб. Божхона органларига божхона юк декларацияси ва бошқа тегишли ҳужжатларни тақдим қилаётганлиги ҳам коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин тутади.

Амалдаги тартибларга кўра, божхона ходими божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда Хавфни бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбурлиги уни турли ҳатти-ҳаракатлардан тийилишига хизмат қилади.

2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб соҳада яна бир инновацион янгиликка кўл урилмоқда - “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилмоқда.Мазкур тизим орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ваколатли органлардан рухсат беришга доир ҳужжатларни электрон тарзда олишлари ва божхона органларига тақдим қилишлари мумкин.

Бу эса табиийки, истиқболда мамлакатда бизнесни юритиш жараёнларини янада тезлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилиш билан бир қаторда коррупцияга имкон берадиган турли ҳолатларнинг ҳам олдини олади.

Тадбирда журналистлар эътиборига яна бир муҳим янгилик ҳақида тўхталиб ўтилди. Эндиликда, божхона органларига қабул қилинаётган ходимлар билан ишлаш ва уларни саралаб олиш механизмларида коррупция ва тамагирликка йўл қўймаслик, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида “Божхона органларига номзодларни рўйхатга олишнинг электрон навбати” интерактив хизмати жорий этилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида халқаро тажрибани ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, божхона органлари ходимлари халқаро форум, семинар ва давра суҳбатларида ҳам фаол иштирок этиб келишмоқда.

Форумнинг яна бир қизиқ тадбири йиғилганлар эътиборини ўзига тортди. Ҳарбий таълим муассасалари курсантлари  томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича тайёрланган баннерлар ва видеороликлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Якунда эса фаол курсантлар “Энг яхши кўргазмали материал”, “Энг яхши видеоролик” каби қатор номинацияларда тақдирланишди.

Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Божхона органлари тизимидаги “Коррупцияга қарши кураш ойлиги” республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

 

5.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг