Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Байроғимиз – фахру ғуруримиз!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди
276
Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.
“Байроғимиз – фахру ғуруримиз!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди

18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 29 йил тўлиши муносабати билан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида вилоят марказидаги давлат байроғи ўрнатилган майдонда “Байроғимиз – фахру ғуруримиз!” шиори остида тадбир ўтказилди.

Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев кириш сўзи билан очиб берди.

Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади.

Шунингдек, тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармасининг Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Кабулов ҳамда Маънавият ва маърифат марказидан ташриф буюрган шоирлар сўзга чиқиб, давлат рамзлари, хусусан, давлатимиз байроғининг қадр-қиммати тўғрисида тўхталиб ўтишди.

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ – ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

17.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг