Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тайёр маҳсулотлар экспорти кенгаймоқда
243
Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, халқимизга янги иш ўринлари яратиш баробарида аҳоли бандлигига эришиш, ишлаб чиқариш ҳажмини орттириб, давлатимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтириш — бугунги куннинг долзарб масаласидир.

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун миллий маҳсулотларимизнинг дунё бозорларига олиб чиқилиши учун имконият эшиклари кенг очилган, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида эса, маълум тоифадаги товарлар, жумладан, технологик асбоб-ускуналарнинг чет давлатлардан олиб кирилишида божхона тўловларидан  имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Мамлакатимиз ташқи савдо операцияларининг амалга оширилишида божхона органлари тадбиркорлик субъектларига яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб, экспорт ва импортга йўналтирилган товарларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан тез фурсатларда, ҳеч қандай тўсиқларсиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилишини таъминламоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъетлари билан яқиндан танишишди ва тайёр маҳсулотнинг жаҳон бозорларига олиб чиқилиши бўйича тавсиялар бериб ўтишди.

Нукус шаҳридаги йирик ишлаб чиқариш объекти бўлган “Nukuselektroapparat” қўшма корхонаси юртимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Корхонада замонавий турдаги юқори ва паст кучланишли трансформатор маҳсулоти, паст вольтли комплектли қурилмалар, аппаратуралар ва электромонтаж маҳсулотлари, шунингдек, халқ истеъмоли товарлари ва металл мебеллар ҳамда металлоконструкцияларнинг кенг мажмуаси ишлаб чиқарилади.

Иш фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган ушбу корхона, давлатимиз томонидан ўткан йиллар мобайнида ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида тақдим этилган 2 миллиард 543 миллион сумдан ортиқ божхона тўловларидан қўлланилган имтиёзлардан мақсадли фойдаланиб, бугунги кунда ўз маҳсулотларини экспортга йўналтира бошлаган, шунингдек йил бошидан 322 минг АҚШ доллари миқдоридаги трансформатор маҳсулоти экспортини амалга оширган.

Ҳозирда мазкур корхона 200 дан ортиқ маҳаллий аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлаб, халқимизнинг турмуш даражаси барқарорлиги шаклланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар негизида халқимизнинг осуда ва фаровон ҳаёт кечиришлари, иш ўринлари яратилиб, аҳолининг моддий таъминланганлик даражасини ошириш билан бир қаторда давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш каби улуғвор  вазифалар ётибди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ташқи савдо операциялари билан боғлиқ савол ва муаммолар пайдо бўлса, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг 61 224-90-86 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

28.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг