Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ташаббус тадбиркорликка, тадбиркорлик тараққиётга етаклайди
281
Коронавирус пандемияси бутун башариятнинг бошига келган катта синов бўлди. Дунёнинг иқтисодий бақувват, қудратли давлатлари ҳам бу офат олдида ожиз бўлгани барчага аён.

Кўп давлатларда, халқаро миқёсда иқтисодий инқироз кузатилмоқда. Ҳеч ким, ҳеч бир давлат бу хавф қачон бартараф бўлиши ҳақида аниқ бир гап айтолмаяпти. Мана шундай вазиятда юртимизда коронавирус оқибатларини юмшатиш, карантин шароитида қандай иш тутиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида аниқ дастур ва режалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали чоралар кўришни талаб қилади. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Бу даврда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажми кескин қисқарди. Натижада аҳолининг асосан кундалик турмуши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва эҳтиёж молларини харид қилиш, бошқа турдаги товарлар ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига салбий таъсир ўтказади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган шароит маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш орқали янги бозорларга кириб бориш ва анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш заруриятини талаб қилмоқда.

Албатта, юзага келган вазият маълум маънода ишлаб чиқаришга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Бироқ шундай оғир вазиятда фуқароларнинг даромадлари камайиб кетмаслиги, ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлаши катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш ва тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шулар жумласидан. Қарорда экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган 68 турдаги маҳсулотлар рўйхати келтирилган бўлиб,  транспортда ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш 2022 йил 1 январгача амал қилади.

Мазкур Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январга қадар бекор қилинди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида мавжуд эпидемиологик вазиятда ташқи савдо юклари белгиланган санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилиб, давлат бюджетига божхона тўловлари ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2020 йилнинг бошидан 15 майга қадар бўлган давр мобайнида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали хориждан келтирилган салкам 210 млн.  АҚШ доллари қийматидаги 398 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари импорт божхона режимига расмийлаштирилди.

Шунингдек, ушбу давр мобайнида хорижий давлатларга 65 млн. АҚШ доллари қийматидаги салкам 166 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди.

Шу ўринда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли  “Ишонч телефони”га ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (71) 120-76-76 телефон рақамига мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Бугунги эпедимиологик вазиятда яратилаётган бундай имкониятлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишига, уларнинг қулай ишлаб чиқариш муҳитида фаолият олиб боришига ва пировардида экспортни янада рағбатлантиришга хизмат қилади. Пандемия шароитида тизимли ишлар, биргаликдаги ҳаракат ўз натижасини беради.

20.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг