Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Инсон –муқаддас, хотира –мангу!
497
Ҳар бир инсон ўзига берилган “умр” деган неъматни ўзига хос яшаб ўтади. Кимдир бу ҳаётда кўпни кўриб, ўз насибасини териб бўлгач, яна кимдир эса жуда бевақт омонатини топширади.
Инсон –муқаддас, хотира –мангу!

Узунми қисқами берилган умр давомида инсон қандай яшаб ўтиши,  ўзидан қандай яхшилик ва хотира қолдира олиши унинг ҳаётий ҳақиқатидир. Зеро, ўзидан мангу хотира қолдирадиган инсонлар учун туғилиш - чинакам бахтдир.

Умр йўлини Ватан равнақи, эл тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиб, она юрт олдида ўз фарзандлик бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганлар хотираси халқимиз онгида мангу барҳаётдир.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида хизмат қилган Амангельди Қдиров, Тимур Ордабаевлар ўз Ватани ва касбига садоқат билан хизмат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз жонини қурбон қилган ҳақиқий ватанпарвар фарзандлардир.

Қобилиятли, меҳнатсевар, ҳалол ва интизомли ходим, божхона хизмати майори Амангельди Қдиров Устюрт текислигида контрабанда ашёлари ва товар-моддий бойликларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича олиб борилган тезкор тадбир давомида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча вафот этди.

Ёш, навқирон, ҳали 28 га ҳам тўлмаган Тимур Ордабаев божхона органларидаги 10 йиллик хизмати даври мобайнида ўзининг зийраклиги, масъулиятлилиги ҳамда синчковлиги билан тенгдош ҳамкасбларидан ажралиб турган. Божхона хизмати капитани Тимур Ордабаев касбига, божхоначи ҳарбий қасамёдига бўлган садоқати, Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлди.

Она Ватанига  кўрсатган жасоратини келажак авлодга етказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси олдидаги мўъжаз хотира хиёбонида Амангельди Кдиров ҳамда Тимур Ордабаевларнинг исмлари ўйиб ёзилган хотира лавҳи бор.

Умрининг қарийб 20 йилини Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги бир қанча постлари ҳамда бошқарма таркибий тузилмаларидаги хизматга бағишлаган божхона хизмати подполковниги Ерполат Юсупов божхона ҳуқуқи соҳасини яхши билган божхона ходими эди. Қатъиятли, кўзлаган мақсадига эришишда матонатли ҳамда чуқур билим ва мустаҳкам иродага эга бўлган Ерполат Юсуповнинг хотираси ҳам у устозлик қилиб, соҳанинг паст баландини ўргатган шогирдлари қалбида ҳали узоқ яшайди.

Божхона хизмати майори Байрам Қалмуратов умрининг 12 йилини божхона органларидаги хизматга бахшида қилди. Қайси лавозимда хизмат қилмасин, ўзининг ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, ўткир зеҳнлилиги, ташкилий масалаларда фаоллиги ҳамда шогирдларига нисбатан талабчан ва қаттиққўллиги билан бошқа ходимлардан ажралиб турарди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ахборот технологиялари, божхона статистикаси, божхона назоратини ташкил этиш ҳамда ташкилий назорат бўлимларининг фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўша олган Байрам Қалмуратов, афсуски, бугун сафимизда йўқ.

Ўз юртига, Ватанига содиқ ва фидоий хизмат қилган, халқининг тинчлик тотувликда умргузаронлик қилиши учун жонини фидо қилган буюк инсонларнинг хотираси мангу яшаб қолади.

Сўзимиз сўнгида, Ватани равнақи йўлида хизмат қилган барча марҳум божхоначиларимизга атаб шоирнинг қуйидаги тўртлигини келтиришни жоиз деб топдик:

                            Садоқатни жо айлаб сиз дилингизга,

                            Белбоғ бойлаб шижоатдан белингизга,

                            Кўкрагингиз қалқон бўлди элингизга,

                            Сизни абад унутмайди она Ватан!

 

Қорақалпоғистон Республикаси

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати 

7.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг