Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона ишида халқаро конвенцияларнинг аҳамияти
574
Дунёда ҳар бир мамлакат ўзининг сиёсий тузуми, ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчилигига эга ва бу мутлақо табиий ҳолат.
Божхона ишида халқаро конвенцияларнинг аҳамияти

Аммо, халқаро муносабатларда давлатлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни тенг тақсимлаш учун халқаро нормалар қабул қилиш зарурати туғилади. Бу эса ўз навбатида, ушбу муносабатларда иштирок этиш истагини билдирган давлатлар миллий қонунчилигини ушбу нормаларга мувофиқлаштириши талаб этилади. Мазкур жараёнлар асосида эса давлатлар ўртасида халқаро келишувлар, шартномалар, конвенциялар қабул қилинади.

Божхона ишида ҳам халқаро келишувларнинг аҳамияти катта ҳисобланади. Боиси, ташқи савдо юклари юк жўнатувчи мамлакатдан юкни қабул қилувчи мамлакатга етиб келгунга қадар бир нечта транзит давлатлардан олиб ўтилиши мумкин. Ушбу давлатлар миллий қонунчилигининг бир-биридан фарқ қилиши дунё миқёсида экспорт-импорт операцияларига салбий таъсир қилади. Шундай экан, божхона ишида миллий манфаатларни ҳимоя қилган ҳолда халқаро конвенцияларга аъзо бўлиш муҳим ҳисобланади.

Энди, халқаро конвенция атамасига қисқача тўхталиб ўтсак.

Халқаро конвенция - бу халқаро ташкилот ёки ташкилотга аъзо бир гуруҳ давлатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ташкилот аъзоларининг кўпчилиги томонидан қабул қилинган конкрет масала бўйича халқаро норматив ҳужжатдир. Конвенция исталган давлат қўшилиши (аъзо бўлиб кириши) учун очиқ бўлади.

Демак, халқаро конвенция аниқ бир масалани ҳал этиш бўйича қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси ҳам божхона ишига оид бир қатор конвенцияларга аъзо ҳисобланади. Биз қуйидаги ана шундай конвенцияларнинг баъзиларига тўхталиб ўтамиз.

  1. “Чегарада юклар назоратини амалга ошириш шартларини келишиш тўғрисида”ги конвенция.

Конвенция 1982 йил 21 октябрда Женева шаҳрида қабул қилиниб, 1985 йил 15 октябрдан кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси ушбу конвенцияга 1996 йил 30 августда аъзо бўлган.

Мазкур конвенциянинг моҳияти аъзо давлатлар чегараси орқали ташқи савдо юкларини олиб ўтилишига доир талабларни бирхиллаштириш, шунингдек, ортиқча расмиятчиликларни, назорат тури ва вақтини қисқартиришдир.

Конвенция давлат чегараларида фақатгина 7 турдаги (Божхона назорати, Тиббий – санитария назорати, Ветеринар назорат, Фитосанитар назорат, Техник стандартларга мослик назорати, Сифат назорати, Назорат хизмати) назорат хизматларининг фаолият олиб боришини белгилайди. Аммо уларнинг қайси бири чегара ўтиш пунктларида, қайси бири ички худудда фаолият юритишини белгилаш аъзо давлатлар ваколатига киради ва миллий қонунчилик асосида ҳал этилади.

  1. “Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда халқаро юкларни ташиш тўғрисида”ги конвенция.

Конвенция 1975 йил ноябрда қабул қилиниб, 1978 йилдан кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси ушбу конвенцияга 1995 йил 31 августда аъзо бўлган.

Конвенциянинг моҳияти бир нечта транзит давлатлар ҳудуди орқали ташиладиган юкларга кафолат бериш орқали уларнинг ҳаракатини тезлаштиришдир. Яъни, ХЙТ китобчаси қўлланилиб, халқаро юк ташиш ташувчилар қуйидаги афзалликларга эга бўлади:

- оралиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтиш вақтида кириш ва чиқиш пунктларида божхона кўригидан озод этилиши мумкин;

- ички ҳудудда божхона кузатувидан озод этилиши мумкин;

- оралиқ божхоналарда божхона тўловлари тўлаш ёки депозит ҳисоб рақамига пул ўтказишдан озод этилади;

- чегара божхона пунктидан манзил божхона пунктигача ички божхона транзити ҳужжатлари расмийлаштиришдан озод этилади.

1 та ХЙТ китобчасининг кафолат суммаси 100 минг Еврогача миқдорида белгиланган.

Бироқ, конвенция ижобий самара бериши учун юкни жўнатувчи давлатдан уни қабул қилувчи давлатга етиб боргунга қадар қуйидаги шартлар бажарилиши лозим:

- юклар хавфсиз транспорт воситаларида ёки контейнерларда ташилиши керак;

- тўланиши лозим бўлган божхона божлари ва солиқларнинг тўланмай қолиши хавфи пайдо бўлганда халқаро кафолатловчи орган томонидан бу хавф бартараф этилиши лозим;

- юк жўнатувчи, транзит ва манзил давлатларда назорат ҳужжати сифатида хизмат қиладиган ва барча Конвенция иштирокчилари томонидан тан олинган ҳужжатлар билан кузатилиши керак;

- юк жўнатувчи давлатда амалга ошириладиган божхона назорати чоралари транзит ва манзил давлатларда тан олиниши керак.

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, божхона ишига оид халқаро конвенция талаблари аъзо давлатлар шунингдек юк ташувчилар, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тўлиқ бажарилса, экспорт-импорт операцияларини янада қисқа фурсатларда ва ортиқча оворагарчиликларсиз бажариш мумкин.

16.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг