Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт салоҳияти жадал ўсмоқда
153
Навоий вилояти деганда кўз олдимизга ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимизда алоҳида ўринга эга бўлган ҳудуд гавдаланади. Шу боисдан бўлса керак Навоийни Ўзбекистоннинг олтин сандиғи деб ҳам аташади. Вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари саноати изчил ривожланган. Бугун вилоятда йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электр кимё заводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир.

Сўнгги йилларда юртимизда иқтисодий соҳани ривожлантиришга қаратилган ўзгаришлар Навоий вилоятида ҳам жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида вилоятда нафақат саноат йўналишида балки иқтисодиётнинг муҳим ўзаги ҳисобланган қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам қатор ютуқларга эришилди. Бугун биз навоийлик тадбиркорлар томонидан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари мисолида эришилган натижаларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Статистик маълумотларга кўра, навоийлик тадбиркорлар томонидан 2019 йил давомида 25,8 млн. АҚШ долларидан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари хорижий давлатларга юборилган бўлиб, экспорт ҳажми аввалги йилга нисбатан 3,3 млн. АҚШ долларига ёки 14 фоизга ошган.

Қувонарлиси, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт географияси ҳам сезиларли равишда ошган. Чунончи, 2019 йил давомида жами 28 та давлатга бундай турдаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, Сурия, Ҳиндистон, Эстония, Жанубий Корея, Арманистон, Франция, Польша, Литва, Болгария, Уммон каби давлатлар навоийлик тадбиркорлар учун янги бозорлар ҳисобланади.

Мазкур даврда мева-сабзавотлар асосан Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Туркия, Эрон, Россия каби давлатларга юборилган.

Албатта, экспорт ҳажми ва географиясининг ошишида мамлакатимизда экспортёр корхоналар учун яратилаётган қулайликлар ва берилаётган имтиёзларнинг аҳамияти катта. Биргина мисол, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги 660-сон Қарорига асосан товарларни экспорт қилишда темир йўл транспорти харажатларининг 50 фоизигача қисмини маълум шартлар асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Бу йўналишда бевосита божхона тизимида ҳам қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги “Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 363-сон Қарорига асосан, божхона соҳасида ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди. Ушбу институтнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, эндиликда Қарорда белгиланган талабларга жавоб берадиган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига нафақат товарлар экспортида балки импорт операцияларини амалга ошириш жараёнида ҳам соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Шунингдек, божхона органларида хавфни бошқариш тизими жорий этилиши натижасида товарларни божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни сезиларли даражада қисқартиришга эришилди. Масалан, авваллари бошқарма тасарруфидаги божхона постларида 1 та божхона юк декларациясини расмийлаштириш учун қарийб 4 соат вақт сарфланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич ўрта ҳисобда 1 соат 13 дақиқани ташкил этди. 2020 йилда эса ушбу вақт сарфини янада қисқартириш режалаштирилган.

Мухтасар қилиб айтганда, бугунги кунда экспортёрлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланиб, ушбу йўналишда божхона тизимида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу каби ислоҳотлар эса ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини оширишда ўзининг ижобий самарасини беради.

14.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг