Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизими ислоҳотлари янги босқичда
230
Бугун барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида энг аввало юртдаги тинчлик ва осойишталик, одамларимизнинг бугунги кунидан мамнун, эртасига юксак ишонч билан яшаши ётибди.

Биргина божхона соҳасида кейинги икки йил давомида туб ўзгаришлар юз берди. Бу билан юртдошларимизга тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, яратилган шароит ва имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланиш имтиёзини бермоқда. Биргина мисол, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 ноябрдаги «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, эндиликда 2019—2021 йиллар давомида босқичма-босқич тарзда мамлакатимиздаги бир қатор божхона постлари қатори, Андижон вилояти божхона бошқармасининг «Дўстлик», «Маданият», божхона постларига туташ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий божхона терминаллари бунёд этилади.

Келгусида мазкур божхона терминалларининг барчасида жами ҳисобда кунига 3,4 мингдан ортиқ автотранспорт воситасини белгиланган регламент асосида қисқа муддатларда ўтказиш имкониятига эришилади. 2019 йил 12 ойи мобайнида “Дўстлик” чегара божхона пости орқали жами 115 063 та автотранспорт воситалари ҳаракатланиб, солиштирув даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 43 410 тага ёки 37,7 фоизга ошган. Юкли автотранспорт воситалари сони 51 923 тани ташкил этиб, солиштирув даврига нисбатан 19 354 тага ёки 37,7 фоизга ошган.

Шунингдек, соҳада хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилди. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб «сариқ» ва «қизил» йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб «яшил» ва «кўк» йўлаклар амалиётга тадбиқ этилди.

Ушбу тизим товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операциялари ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Божхона ходими хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур ҳисобланади.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати ҳажмининг камайишига, сифатининг ошишига, мавжуд куч ва воситалардан оптимал фойдаланишга, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона тўловлари динамикасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Андижон вилояти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  тегишли қарори талаблари асосида жами 17 та божхона омборлари фаолият олиб бораётган бўлиб, шундан 10 таси ёпиқ турдаги, 7 таси очиқ турдаги  божхона омборларини ташкил этади. Барча турдаги омборлар видеокузатув тизими билан жиҳозланган.

Божхона постлари томонидан жами 1368 та ҳуқуқбузарлик холати аниқланган бўлса шундан божхона кўриклари натижасида ТИФ божхона постларида 17 та божхона қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Олинган товар-моддий бойликлар миқдори жами ҳисобда 13,8 млрд сўмни, шунингдек ТИФ соҳасида 695,56 млн.сўмни ташкил этади.

2019 йил давомида Андижон вилоятидаги чегара божхона постлари орқали жами 6,8 млн нафар фуқаро ҳаракатланган бўлиб, ушбу кўрсаткич солиштирув даврига нисбатан 1,2 млн. нафар фуқарога ёки 17,6 % ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги Фармонига асосан Андижон вилоятида ташкил этилган  “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фармацевтика махсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган 10 та корхоналарга божхоначилар яқиндан кўмак бериб келишмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда вилоят ҳудудида жами ажратилган 20 га. ер майдонида 11 та  кичик саноат зоналари бўйича лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, ушбу ҳудудларда 95 та турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ҳамда чет мамлакатларга божхона органлари орқали экспорт қилишга ихтисослашган кичик корхоналар ўз фаолиятларини олиб бормоқда.

Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар 2019 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилди.

Бир сўз билан айтганда тизимда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар кўлами янада кенгаяди ва бу билан тадбиркорларга, жисмоний шахсларга кенг қулайликлар яратилади.

5.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг