Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасидаги ислоҳотлар юрт равнақига хизмат қилмоқда
164
Маълумки, истиқлолнинг ўтган йиллари мобайнида мамлакатимиз божхона тизимида ҳам кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада божхона хизматининг ташкилий – ҳуқуқий асослари яратилди. Тизимни модернизациялаш ва инфратузулмасини янада яхшилаш борасидаги таҳсинга лойиқ муваффақиятлар, давлат бюджети даромадларининг салмоқли қисми божхона тўловлари ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам фикрларимиз тасдиғидир.

Эътироф этиш лозимки, мазкур ислоҳотлар доирасида Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва унга қарашли божхона постлари томонидан ҳам ибрат олса арзигулик ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, ахборот-комуникация технологияларининг кенг жорий этилгани ва божхона назоратининг кучайтирилганлиги натижасида 2019 йил давомида давлат бюджетига қарийб 421,12 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, бу борадаги режа ортиғи билан уддаланди. Айниқса, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш мақсадида ўтказилган тадбирлар хамда божхона кўрикларининг самараси ўлароқ 1118 та хуқуқбузарлик аниқланди.

Шу ўринда, сўнги йилларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Албатта мазкур масаланинг божхона хизматига тааллуқли жиҳатлари ҳам талайгина. Хусусан, Президентимизнинг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ божхона органларида интернет тармоғи орқали “Товарларни электрон декларациялаш” интерактив хизмати жорий қилинган. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса Президентимизнинг “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Божхона органларида товар ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш учун хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинди. Натижада, ўтган давр мобайнида мазкур тизим ёрдамида вилоят миқёсида 379 та божхона юк декларацияси расмийлаштируви жараёнида хавфни минималлаштириш чоралари кўрилиши натижасида давлат бюджетига жами 1,04 миллиард сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган қатор чора тадбирлар хам амалга оширилиб келинмоқда.

Айниқса, вилоятнинг чегерадош ҳудудларидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида самарли ва таъсирчан тарғибот ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу ҳудудларида жойлашган барча маҳаллалар раислари,фуқаролари ва фаоллари учун божхона ходимлари томонидан 300 дан зиёдроқ учрашувлар, давра суҳбатлари, қонунчилик тарғибот ишлари олиб борилди.Божхона қонунчилигидаги янгиликлар ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчилика етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларда 396 маротаба чиқишлар амалга оширилди, ижтимоий тармоқларда вилоят божхона бошқармасининг расмий саҳифалари очилди. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан 2019 йил давомида 260 та мурожаатлар келиб тушиб, мурожаатларнинг барчаси бўйича белгиланган муддатларда жавоблар берилди.

Бир сўз билан айтганда, бугун божхона органлари мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш ва унинг иқтисодий равнақини янада юксалтиришдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилмоқда. Зеро, халқ манфаати ҳамма нарсадан устун, Ватан туйғуси ҳар нарсадан улуғдир!

5.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг