Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт географияси тобора кенгаймоқда
148
Мамлакатимизда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолиятнинг вақт унумдорлиги ва иш самарасини ошириш мақсадида яратилаётган имкониятлар бугун ўз натижасини кўрсатмоқда.
Экспорт географияси тобора кенгаймоқда

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан  2019 йил давомида божхона тўловларидан 206 млрд.сўмдан ортиқ пул маблағи давлат бюджетига ўтказилиб, мамлакатимиз бюджет салоҳиятининг барқарорлигига муносиб ҳисса қўшилиши таъминланди.

Ҳисобот даври давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 660 млн. АҚШ доллари кўрсаткичига эга бўлиб,  шундан товарлар экспорти 407 млн. АҚШ долларини ташкил қилди ва ташқи савдо операцияларининг 61,6%ини, товарлар импорти эса 253 млн АҚШ доллари миқдорида бўлиб, фоиз улушда 38,4% га тенг бўлди. Бу эса ўтган йилга нисбатан экспорт улуши 0,2%га ортгани, импорт ҳажми эса 0,2 фоизга камайганидан далолат беради.

 Экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи “Пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен)”, “Ип калава”, “Сода кальцинированная”, “Пахта толаси”   ва бошқа товарларга тўғри келади. Товарлар импорти ҳажми асосан “Дастгоҳ ва асбоб-ускуналар”, “кимёвий маҳсулотлар”, “Транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари”, “Ёғоч ва тахта маҳсулотлари”, “Қора металлдан тайёрланган буюмлар”, “Нефть ва нефть маҳсулотлари” ва бошқа товарларга тўғри келади.

Дунё мамлакатлари кесимида экспорт қилинган товарларнинг катта улуши Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Латвия мамлакатларига тўғри келган бўлса, товарларнинг импорти амалга оширилган мамлакатлар кесимида Хитой 22,5% улуш билан биринчи ўринда турган бўлса, рўйхатни  Россия, Корея, Сингапур, Қозоғистон, Туркия, АҚШ, Латвия мамлакатлари давом эттирган.   

Давлатимиз экспорт салоҳиятини кучайтириш, импортни оптималлаштириш борасида ТИФ божхона постлари томонидан ўтган йил давомида 25 мингдан зиёд божхона юк декларациялари расмийлаштирилганлиги,  ташқи савдо айланувини мониторингида яққол намоён бўлади.

Ташқи иқтисодий фаолият  қатнашчиларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш борасида ҳукуматимиз томонидан яратилаётган қонунчилик талабларига божхона бошқармаси томонидан  қатъий риоя қилинмоқда. Айтиб ўтиш жоиз, ўтган биргина 2019 йил давомида ТИФ қатнашчиларига 1 трлн сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар ва преференциялар берилганлиги, давлатимизнинг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ислоҳотлари ижроси божхона органлари томонидан сўзсиз таъминланаётганлигининг исботидир. 

Шунингдек, божхона органларининг илғор назорат техник воситалари, рентген аппаратлари ва инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминланганлиги, халқаро аэропортларда “қизил” ва “яшил” йўлакларнинг ташкиллаштирилганлиги  чегара божхона постлари орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишида анча қулайликлар яратиб, вақт тежамкорлиги ва иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қорақалпоғистон Республикасидаги чегара божхона постлари орқали ўтган йил давомида жами 62861 та юк ва 77116 та енгил автомобилларнинг ҳаракатланиши кузатилган бўлса, уларнинг ҳар бири божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтиши учун енгил автомобилларга 5 дақиқадан 10 дақиқигача, юк автомобиллари эса 20-26 дақиқагача вақт сарфланган.

Фуқаролар ва ТИФ қатнашчиларига яратилган имкониятлар ва тақдим қилинган имтиёзларга қарамасдан, улар томонидан божхона қонунчилигини четлаб ўтиб, тақиқланган гиёҳванд модда ва психотроп воситалар, диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи манбалар, шунингдек, давлат бюджетига тушиб, эл-у юртимизнинг ризқига айланадиган божхона тўловларини тўламаслик учун қинғир йўллардан фойдаланиб, божхона қонунбузилишларини содир этаётганлар ҳам кўп эканлиги ачинарли ҳол. Юқоридаги каби қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида бошқарма ходимлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бунинг натижасида ўтган йил давомида гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ 4 та ҳолатда 112 гр. (героин, кўкнор бошоғи, марихуанна), психотроп моддаларни ноқонуний олиб ўтилишини олдини олиш билан боғлиқ 2 та ҳолатда 1455 дона психотроп таблеткалар аниқланган. Шунингдек, 2019 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жами 1353 та ҳолатда 5 млрд. сўмдан ортиқ  миқдордаги товар-моддий бойликлари аниқланган бўлиб, кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда ҳолат сони 254 тага ошган. Аниқланган 9 та ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг талабларини ҳамда божхона қонунчилигида юз бераётган ўзгаришлар билан кенг оммани таништириш, уларни яратилаётган имкониятлар, содир бўлаётган воқеликлардан бохабар қилиш мақсадида бошқарма шахсий таркибининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан бевосита алоқалари йўлга қўйилган. Бунинг натижасида, ўтган давр мобайнида юқоридаги мавзулар ҳамда уларни жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш борасида, тадбиркорлик фаолиятига оид янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда ноқонуний йўллар билан олиб кирилаётган ва сифатсиз товар-моддий бойликларнинг ички ишлаб чиқаришга, аҳоли соғлигига жиддий зарар келтиришлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиб, жами 59 маротаба ТИФ қатнашчилари билан учрашувлар, 351 маротаба жамоатчилик билан учрашувлар, 65 маротаба телевидениеда, 115 маротаба радиода чиқишлар, 26 маротаба газетада ва 260 маротаба интернет сайтларида мақолалар чоп этилиши таъминланди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш йўналишида телевидениеда 8 та, газетада 9 та, радиода 12 та, интернет сайтларида 24 та мақолалар чоп этилди.

Ўтган давр мобайнида “Божхона органларида хавфни бошқариш тизими” ва “Мамлакатимиз иқтисодиётига фаол инвестицияларни жалб этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида ушбу йўналишда божхона соҳасида яратилган қулайликлар” мавзуларида тадбиркорлик субъектлари ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжуманлар ўтказилди.

Ўйлаймизки, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси давлатимиз суверинетети ва даҳлсизлиги, юртимиз ижтимоий иқтисодий ривожида божхона органлари олдига қўйилган қатор вазифаларнинг амалий бажарилишида ўз тасдиғини топади.

5.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг