Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хоразмда янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги муҳим ўзгаришларга қаратилган ўқув семинари ўтказилди
682
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги муҳим ўзгаришлар, божхона соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳиятини тушунтиришга қаратилган ўқув семинари ўтказилди.
Хоразмда янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги муҳим ўзгаришларга қаратилган ўқув семинари ўтказилди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш мақсадида, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва халқаро экспертларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири  ишлаб чиқилди.

Бу йўналишда олиб борилган тизимли ишлар самарасида 2019 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, 2020 йил 1 январдан амалиётга тадбиқ этилди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб, 480 та моддадан иборат. Қабул қилинган янги таҳрирдаги солиқ кодексида солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди.

Кодекс талабларини содда, халқчил тилда кенг тарғиб қилиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти иштирокида тузилган ишчи гуруҳ Урганч шаҳар ва Боғот тумани ҳокимлигида вилоят ҳокимлиги, вилоят солиқ, божхона, молия бошқармалари ва манфаатдор идораларнинг масъул ходимлари, тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўқув семинари ташкил қилинди.

Учрашувда, янги кодексда замонавий солиқ хизматлари кўрсатишнинг устувор вазифалари акс этганлиги, эндиликда солиқ тўловчиларга солиқ солиш шартларини тенглаштиришга оид моддалар киритилганлиги бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Ҳусусан, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, солиқ органларига таҳлика-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги такомиллаштирилган тартиби жорий этилмоқда.

- Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормаларга ўрин берилди. Бундан кўзланган мақсад фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришишдир.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан эътиборан Солиқ кодексидаги божхонага доир муҳим жиҳатларни ҳам айтиб ўтилди.

- Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан солиқлар тўлайдиган солиқ тўловчилар зиммасида Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятлар ҳам бўлади.

- Солиқ, молия, божхона ва бошқа давлат органларининг мансабдор шахслари солиқ тўловчининг ваколатли вакиллари бўла олмайди.

- Кодексга кўра, божхона органлари – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, «Тошкент – АЭРО» махсус божхона комплекси ва божхона постлари ҳам ваколатли органлардир.

- Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган, солиқлар ва йиғимларнинг, шунингдек пенялар ва жарималарнинг бюджет тизимига тушумлари ҳисобини юритади. Ҳисоб юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади:

Яъни, 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Солиқ кодексига асосан тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар 2020 йил 1 апрелгача амал қилади.

2020 йилнинг 1 январгача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ўз кучида қолади.

Назорат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва солиқ текширувлари турлари камайтирилди. Ҳусусан, ягона ер солиғи, давлат божи ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинди.

Қўшилган қиймат солиғини ва уни тўлиқ ҳисобга олиш тизимини амалиётга жорий қилинишида солиқ тўловларидан берилган айрим имтиёзларга ўзгартириш  ва қўшимчалар киритилди. Бир нечта божхона ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар бекор қилинган бўлса, янги турдаги қўшилган қиймат солиғидан бериладиган имтиёзлар киритилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси Ўзбекистон солиқ тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, қонунга итоаткор солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари юқори даражада ҳимоя қилинишини таъминлаган ҳолда маҳаллий ва хорижий инвесторларга уни янада тушунарлироқ қилиш имконини беради.

Умуман олганда, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига ва аҳоли реал даромадларини  оширишга пировардида солиқ маъмурчилигини янада яхшилашга хизмат қилади.

Учрашув иштирокчилари томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

19.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг