Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди
754
Давлат божхона қўмитасида 2020 йилнинг 1 январидан республикамизда кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди

Видеоконференция тарзида ташкил қилинган мазкур тадбирда қўмита марказий аппрати ва ҳудудий божхона бошқармалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси Раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров бошчилигидаги масъуллар янги қонуннинг ўзига хос ва бевосита божхона фаолияти билан боғлиқ жиҳатларига батафсил тўхталиб ўтишди.

71 боб ва 480 моддани ўз ичига қамраб олган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида асосий эътибор солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда солиқ назорати механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

Эндиликда солиқ турлари 13 та эмас. балки 9 тани ташкил қилади.

Таъкидлаш жоизки, божхона органлари Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган, солиқлар ва йиғимларнинг, шунингдек пенялар ва жарималарнинг бюджет тизимига тушумлари ҳисобини юритади.

Кодексда божхона органлари ҳар ойда солиқ органларига экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги, шунингдек товарларни олиб ўтиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали электрон тижорат шаклида амалга оширилган товарларни олиб ўтиш ҳақидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона омборларида товарлар сақланаётганлиги фактлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши белгилаб қўйилган.

Мазкур нормани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳозирда Давлат солиқ ва божхона қўмиталари ўртасида ахборотлар алмашинувига доир ўзаро ҳамкорлик битими лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда.

Кодексдаги яна бир муҳим жиҳат – тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий воситаларнинг импорти бўйича божхонада тўланган қўшилган қиймат солиги суммаси асосий воситалар ўрнатилганидан кейин қайтарилиши белгиланди.

Семинар жонли мулоқот тарзида кечиб, божхона ходимлари товарлар импортида акциз ва қўшилган қиймат солиғини ундириш, бу жараёнда имтиёзларни тўғри қўллашга доир саволлар билан мурожаат қилишди.

Шунингдек, солиқларни ундиришда юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этишга доир таклифларни билдиришди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

15.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг