Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Таҳлил ва таклиф ижобий самара беради
142
Яқинда Самарқанд вилояти божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан ўтказилган сайёр қабулда вилоят божхона бошқармасига “Pet Agro Oil” МЧЖ қўшма корхонаси мисолида ишлаб чиқариш жараёнини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таҳлилларга асосланган таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берилган эди.
Таҳлил ва таклиф ижобий самара беради

Куни кеча вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов раҳбарлигида божхона ходимлари Тайлоқ туманида жойлашган ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Pet Agro Oil” МЧЖ қўшма корхонасида бўлишди.

Корхона томонидан 2018-2019 йилларда ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш учун хориждан вазни 87,6 минг тонна, қиймати 25,4 млн. АҚШ долларига тенг бўлган хомашёлар (кунгабоқар уруғи – 86,7 минг тонна, перлит кукуни - 240 тонна, оқартирувчи тупроқ - 300 тонна, каустик сода - 120 тонна) импорт қилингани маълум бўлди.

Ушбу импорт қилинган хом ашёлардан ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура коди (ТИФ ТН) 1206009900 бўлган кунгабоқар уруғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармони асосида божхона тўловларидан озод этилган ҳолда божхона расмийлаштируви амалга ошириб келинган бўлса, ТИФ ТН коди 3802900000 бўлган перлит кукуни ва оқартирувчи тупроқ ҳамда ТИФ ТН коди 2815110000 бўлган каустик сода товарлари қўшилган қиймат солиғи тўлаган ҳолда эркин муомалага чиқариб келинган.

Бироқ эндиликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  27 июндаги ПФ-5755-сон Фармони билан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб кунгабоқар уруғи импорт қилинганда қўшилган қиймат солиғидан назарда тутилган имтиёзлар бекор қилинди.

Натижада, корхона томонидан 100 тонна ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш учун кетган хомашёлар бўйича тақдим этилган калькуляцияга кўра, 1 кг ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш харажатлари ҚҚСни тўлаш бошланганлиги ҳисобига 9 780,4 сўмга ёки 1,03 АҚШ долларига тўғри келмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ТИФ қатнашчилари томонидан импорт қилинаётган ўсимлик ёғи маҳсулотлари нисбатан арзон таннарх билан кириб келмоқда.

Оқибатда, “Pet Agro Oil” МЧЖ ҚК каби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўсимлик ёғлари импорти билан шуғулланаётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан таннарх бўйича рақобат қила олмай қолмоқда.

Мазкур масалани ечимини топиш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулот яратиш қувватларини ва яратилган иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида бошқарма ходимлари томонидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Албатта, жойларга чиқиб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида амалдаги қонунчиликка таклиф киритиш иқтисодиётимиз ривожига ижобий самара беради.

28.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг