Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги қонун эзгу мақсадга хизмат қилади
539
2019 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Қонун фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Қонун ҳужжатларида ушбу Қонунни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, Ички ишлар органларида, Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида ва бошқа ҳарбий тузилмаларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиши мумкинлиги баён қилинган.

Қонун билан меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонунийлик,ихтиёрийлик,камситишга йўл қўймаслик,мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик.- касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари қилиб белгиланди.

56 моддадан иборат мазкур Қонунда касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимлар учун,  касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимлар учун кафолатлар, иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир мажбуриятлари, шунингдек, касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби батафсил баён этилган.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шундаки, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз устав фаолиятини амалга ошириш учун давлат органларидан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари масалалари юзасидан бепул ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларга ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш юклатилди.

 Ф.Маматов,

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

Касаба уюшмаси раиси,

божхона хизмати подполковниги

22.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг