Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартиби янада такомиллашади
205
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508 сон қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун олиб ўтиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан:

Нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали

қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажда товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқади келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эхтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажда, шунингдек, почта жўнатмалари орқали ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилганда, улар ишлаб чиқарувчининг ўровида бўлиши мажбурий этиб белгиланди.

Ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан респбуликага олиб киришнинг чеклаган меъёрларидан ортган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–3512-сон қарори 1-иловасида назарда тутилган товарларни олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Яъни, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литрдан, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутидан, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донадан, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.дан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Эндиликда товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорида ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинади.

Қарор билан Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарларнинг қуйидаги рўйхати ҳам тасдиқланди.

     1.Ички ёнув двигателлари.

  1. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 8403 10 субпозициясида таснифланувчи марказий иситиш қозонлари.
  2. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 8426 - 8430, 8433 - 8442,
    8444 00 – 8449 00 000 0, 8453 - 8464, 8465, 8466, 8468, 8474 - 8480, 8486, 8514, 8530, 8534 00, 8535, 8545, 8548, 9024, 9027, 9030 ва 9031 товар позицияларида таснифланувчи машиналар, механизмлар, ускуналар (газонлар, истироҳат боғлари ёки спорт майдончалари учун косилкалар, дискли маиший арра).
  3. Офтобда қорайиш учун солярийлар.
  4. Тиббиёт техникаси ва ускунаси (шприцлар, игналар, катетерлар, канюлялар, шунга ўхшаш асбоблар, қон босими, тана ҳароратини ўлчаш ускунаси, шунингдек, тиббий кўрсатмалар бўйича фойдаланиш учун зарур аппаратуралар бундан мустасно).
  5. Тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели
    (тиббий кўрсатмалар бўйича фойдаланиш учун зарур бўлган механик мосламали шифохона койкалари бундан мустасно).
  6. Сартарош креслоси ва ўхшаш креслолар, уларнинг қисмлари.
  7. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 9010 товар позициясида таснифланувчи фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна.
  8. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 9023 00 товар позициясида таснифланувчи намойиш қилиш мақсадларига мўлжалланган жиҳозлар, аппаратура ва моделлар.
  9. Тангалар, банкнотлар, банк карточкалари, жетонлар ёки бошқа шунга ўхшаш тўлов воситалари билан ҳаракатга келтириладиган ўйин автоматлари.

 

 

7.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг