Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги қарор лойиҳаси: Божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби янада такомиллашади
459
Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Янги қарор лойиҳаси: Божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби янада такомиллашади

Лойиҳа товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини такомиллаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг “Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 31 июлдаги 605-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 16 октябрдаги 829-сон қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида жорий йилнинг 12 ва 14 август кунлари кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнининг 2-иловаси 24-28-бандларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 2019 йил 29 августдаги “Давлат божхона қўмитаси Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими доирасида божхона юк декларацияларини автоматик тарзда расмийлаштириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 232-сонли буйруғи ишлаб чиқилиб, унга кўра божхона юк декларацияларини божхона органларининг ахборот тизими томонидан автоматик тарзда расмийлаштириш тизими ишга туширилаётганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг “Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда мувофиқлаштиришни тақозо этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари билан айрим вазирлик ва идораларнинг номи ўзгарганлиги сабабли, юқорида кўрсатилган қарорлар иловаси Фармонга мувофиқлаштирилмоқда.

Лойиҳани тайёрлаш жараёнида, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси талаблари эътиборга олинди.

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Регламенти ҳамда Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида Услубий кўрсатмалар (рўйхат рақами 2352, 2012 йил 9 апрель) талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, амалдаги қонунчиликка зид эмас.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши билан, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни бекор қилиш зарурати юзага келмайди.

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сарф-харажатларни талаб этмайди.

24.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг