Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Буюк аждодларимизнинг жасорати - ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш таянчи мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
469
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ёшларни юртга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Буюк аждодларимизнинг жасорати - ёшларни миллий  ватанпарварлик руҳида тарбиялаш таянчи мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Мазкур вазифалар ижроси доирасида 2019 йил 11 январь куни Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Буюк аждодларимизнинг жасорати-ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш таянчи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам курсантларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, жанговар ва жисмоний тайёргарлиги, ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш бўйича самарали тизимни яратиш, уларда юксак маънавий, ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларни шакллантириш ҳамда ривожлантириш Божхона институтининг асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

Божхона институти томонидан “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган умумий ғоя остида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти, Тошкент давлат юридик университети, Қуролли кучлар Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳам иштирок этишди.

Тадбир давомида маърузачилар ёшларимизда қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш ҳамда замонавиий миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни янада кучайтиришга қаратилган мавзуларда чиқишлар қилишди.

– Мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган “ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан бугун биз таълим олаётган божхона институтида «Буюк аждодларнинг жасорати-ёшларнинг миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг таянчи» мавзусида илмий анжуман бўлиб ўтмоқда – дейди, 2-курс курсанти Олимжонова Гулида Олимжон қизи. – Унда турли инстутутдан илмий ходимлар,ўқитувчи-проффесорлар ўз маърузалари билан иштирок этишмоқда.Уларнинг маърузалари буюк аждодларимиз бўлмиш Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг ҳаёти,уларнинг шонли ўтмиши ва авлодларга ибрат бўлиган асарлари ҳақида бўлаяпти.Бу тадбирдан хулоса қилиб айтиш мумкинки,бугунги кун ёшларининг асосий вазифаси ва бурчи ҳар жабҳада мамлакатимизни ҳимоя қилиш,аждодлар йўлини давом эттирган ҳолда мамлакатимиз равнақи йўлида матонат билан хизмат қилиш ва унинг халқи манфаатларини рўёбга чиқаришдир.

Буюк саркардаларимиз ва шарқ алломаларининг қарашлари, шунингдек, урф-одат ва анъаналаримизда мужассамлашган ватан ҳимоячиларидаги юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни шакллантириш борасидаги фикрлар билан ўртоқлашилди. Жалолиддин Мангуберди каби Чингизни лол қолдирган саркардамизнинг мардлик ва жасорати, Европа халоскори Амир Темурнинг эл-юрт қўриқчи-посбонларига қанчалар катта аҳамият берганлиги, салтанатда интизомни сақлаш ҳақидаги тузуклари, қилич ва қалам соҳиби Бобурнинг аскар кўнглини олмоқнинг бош мезони қилиб аскарнинг садоқати, мардлиги, фидойилиги, вафодорлиги, давлат ҳимоясига қўшган ҳиссаси билан белгилаганлигига алоҳида урғу берилди.

– Бугун бизнинг божхона институтимизда ўтказилган миллий-маънавий тадбирдан жуда кўплаб маълумотларга эга бўлдим, – дейди 3 курс курсанти Ризоқулов Акбар. – Мамлакатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш,эл-юртимизнинг тинч, осудаҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир, сон жиҳатдан ихчам ва маҳоратли Қуролли Кучларни вужудга келтириш – Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этиш йўлидаги энг муҳим вазифалардан бири эканлигини, шунингдек, давлатни қўриқлаш, нафақат ҳарбийларнинг балки, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқоросининг бурчи эканлигини билиб олдим.

Давра суҳбати давомида курсантлар онгига бугунги осуда ҳаёт, тинчлик ва хотиржамликнинг шукронаси, Ватанга садоқат – шарафли бурч эканлиги, аждодлар мероси ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, миллий маънавиятдан баҳрамандлик, ўзига ишонч, келажак олдида масъуллик туйғулари, шунингдек Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий соҳада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳимоя қилишга тайёр туриш, юрт учун фидойи бўлиш — бу бугунги кун талаби эканини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали сингдирилди.

Шунингдек, мамлакатимизда ҳурматли юртбошимиз томонидан ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юксалтириш борасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Бундай тадбирлар келажагимиз бўлган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини ошириш, одоб-ахлоқини шакллантириш, уларда Ватанга бўлган муҳаббатни уйғотиш ва ўз касбига содиқликни юксалтириш вазифасини ўтайди.

Тадбир қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ ва пухта жавоб олишди.

12.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг