Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари
1601

Агар Сиз Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган бўлсангиз, шуни ёдда тутинг-ки, жисмоний шахслар 3 000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни эркин олиб чиқишлари мумкин. Бунда уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.

Аммо, айрим турдаги товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёрлари мавжуд.  Жумладан, гуруч – 3 кг.гача, нон маҳсулотлари – 5 кг.гача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, шакар ва ўсимлик ёғи – 2 кг.гача, шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалардан 40 кг.гача олиб чиқиш мумкин.

Унутманг! Гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотлар, маданий бойликлар, ўқотар қурол ва патронлар, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларини олиб чиқишда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари талаб этилади.

Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий ва миллий валютани олиб чиқишнинг ҳам ўз тартиблари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

2000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлмаган эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишда эса уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли рухсатномаси талаб этилади.

Норезидентлар, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб чиқиш улар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади. Яъни, киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган нақд хорижий валюта суммасидан ортиқча бўлмаган миқдордаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишга рухсат этилади.

Шунингдек, республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндори ёки қатнашчиси бўлган норезидентлар томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда, нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.

Жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 бараваридан ошмайдиган суммадаги нақд миллий валюта “сўм”ни олиб чиқишга рухсат этилади. 

Белгиланган суммадан ортиқча нақд миллий валютани олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли рухсатномаси талаб этилади.

Агар Сиз божхона қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасангиз, у ҳолда чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходимларига мурожаат қилишингиз мумкин.

13.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг