Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона режимлари
1610

Эркин муомалага чиқариш

Эркин муомалага чиқариш шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товарлар уларни ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетиш мажбуриятисиз бу ерда доимий қолади. Режим импорт божларини, солиқларни ва бошқа бож тўловларини тўлашни, иқтисодий сиёсат чораларига ҳамда бошқа чора-тадбирларга риоя этишни назарда тутади.

Реимпорт

Реимпорт шундай режимки, бунда экспорт режимида божхона ҳудудидан олиб чиқилган Ўзбекистон товарлари импорт божларини, солиқларни тўламасдан, шунингдек уларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддатларда қайта олиб кирилади.

Олиб чиқилган пайтдан бошлаб ўн йил ичида божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилган, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳолларни истисно этганда, олиб чиқилган пайтда қандай бўлса, шундай ҳолатда турган товарлар реимпорт режимига жойлаштирилади.

Товарларни экспорт режимида олиб чиқилаётганда тўланган экспорт божи ва солиқлар суммаси, бу товарлар олиб чиқилган пайтдан бошлаб уч йил ичида реимпорт режимида қайтариб олиб кирилган тақдирда, божхона органининг тақдимномаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда қайтарилади.

Товарлар реимпорт қилинганда товарларни олиб ўтаётган шахс товарларни олиб чиқиш чоғида тўлов тарзида ёки бошқа имтиёзлар туфайли олган суммаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтаради.

Экспорт

Экспорт шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқилади. Экспорт режимига жойлаштирилган товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида Божхона кодексида назарда тутилган ҳолларда бу ҳудуддан ташқарига амалда олиб чиқиб кетилмаган ҳолда туриши мумкин. 

Товарларни экспорт режимида олиб чиқиш экспорт божи ва бошқа божхона тўловлари тўланган, иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган тақдирда амалга оширилади. Экспорт режимида олиб чиқилаётганда товарлар солиқлардан озод этилади ёхуд тўланган солиқлар суммаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтарилиши лозим.

Товарлар экспорт режимида чиқарилаётганда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига, товарлар ҳолатининг табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, божхона декларацияси қабул қилинган кунда қандай бўлса, шундай ҳолатда олиб чиқилиши лозим.

 Реэкспорт

Реэкспорт шундай режимки, бунда чет эл товарлари божхона ҳудудидан олиб чиқилади. Агар товарлар божхона органига кейинчалик реэкспорт режимида олиб чиқиб кетишга мўлжалланган товар сифатидагина маълум қилинган бўлса, улар божхона ҳудудига олиб кирилаётганда импорт божлари, солиқлар ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди. Бундай товарларни амалда олиб чиқиш божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмай амалга оширилади. Амалда олиб чиқиб кетилмаган тақдирда импорт божлари, солиқлар, шунингдек улар юзасидан фоизлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

Товарлар реэкспорт режимида олиб чиқилаётганда экспорт божлари, солиқлар ундирилмайди, олиб чиқиш чоғида амал қилиб турган иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Товарлар реэкспорт режимида олиб чиқилаётганда тўланган импорт божлари ва солиқлар қайтарилиши ва айни бир пайтда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:

реэкспорт қилинаётган товарлар олиб кирилган пайтда қандай бўлса, шундай ҳолатда бўлса, табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно;

реэкспорт режимида товарларни олиб чиқиш улар олиб кирилган пайтдан бошлаб икки йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

реэкспорт қилинаётган товарлардан даромад олиш мақсадида фойдаланилмаган бўлса.

Транзит

Транзит шундай режимки, бунда товарлар Ўзбекистон Республикасининг икки божхона органи ўртасида, шу жумладан чет давлат ҳудуди орқали, бож, солиқлар ундирилмасдан, шунингдек товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чораларини қўлланмасдан божхона назорати остида олиб ўтилади.

Товарларни транзит режимида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб ўтиш божхона органининг рухсати билан исталган йўллар ва йўналишлар бўйича амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)

Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) шундай режимки, бунда божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида товарлардан бождан, солиқлардан тўла ёки қисман озод этилган ҳолда ва товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан фойдаланишга йўл қўйилади.

Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириладиган товарлар ўзгартирмасдан қайтарилиши лозим, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно. Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириладиган товарларни бож ва солиқлар тўлашдан тўла ёки қисман озод қилиш қонун ҳужжатларида белгиланади.

Товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштиришга, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, уларни қайта олиб чиқиш ёки қайта олиб кириш мажбурияти тақдим этилган, божхона тўловлари тўланиши таъминланган, товарларнинг айнанлиги таъминланган тақдирда божхона органининг рухсати билан йўл қўйилади. Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштирилмайдиган товарларнинг рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириш мумкин бўлган муддат

Товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириш мумкин бўлган муддат божхона органлари томонидан бундай олиб кириш (олиб чиқиш)нинг мақсадлари ва ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва узайтирилади, бироқ товарлар бундай режимда туришининг умумий муддати икки йилдан ошмаслиги керак. Товарларнинг айрим тоифалари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ анча узоқроқ муддатлар белгиланиши мумкин.

Товар белгиланган муддат тугагунга қадар унга нисбатан ваколати бўлган шахс томонидан божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши ёки у ерга олиб кирилиши ёхуд бошқа божхона режимига жойлаштирилиши лозим. Бу талабларга риоя этилмаган тақдирда товар божхона органи эгалик қиладиган божхона омборига вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилади.

Агар товарлар ҳалокат оқибатида ёки енгиб бўлмас куч таъсирида йўқ бўлганлиги ёки мутлақо йўқолганлиги, табиий эскириши ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитида камайиши туфайли етишмаслиги ёхуд чет давлат органлари ёки мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига хилоф хатти-ҳаракатлари натижасида шахснинг эгалигидан чиқиб кетганлиги Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатия ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан тасдиқланса, товарларни вақтинча олиб чиққан ва уларни белгиланган муддатда қайтариб олиб кирмаган шахс божхона органлари олдида жавобгар бўлмайди.

 Вақтинча сақлаш

Вақтинча сақлаш шундай режимки, бунда олиб кирилган товарлар ва транспорт воситалари божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб чиқаришга рухсат берилгунга қадар танланган режимга мувофиқ божхона омборида бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан вақтинча сақланади. Божхона кодексига мувофиқ вақтинча сақлаш режимига бошқа товарлар ва транспорт воситалари ҳам жойлаштирилиши мумкин.

Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинча сақлаш режимига жойлаштиришда қисқа декларация қўлланилади. Товарларнинг вақтинча сақлаш режимида туриш муддати икки ойдан ошмаслиги лозим, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилган товарлар билан қилинадиган операциялар рўйхати ва уларни амалга ошириш тартиби Божхона кодексида белгиланади.

.Божхона омбори

Божхона омбори шундай режимки, бунда олиб кирилган товарлар сақлаш даврида импорт божи, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан божхона назорати остида сақланади, экспорт режимида олиб чиқишга мўлжалланган товарлар эса божхона назорати остида Божхона кодексининг 26-моддасида назарда тутилган имтиёзлар берилган ҳолда сақланади.

Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш ман этилган товарлар ҳамда рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган бошқа товарлар божхона омбори режимига жойлаштирилиши мумкин эмас.

Товарлар божхона омбори режимида уч йил мобайнида туриши мумкин. Ушбу муддат товарларнинг айрим тоифалари ва айрим шахслар учун қонун ҳужжатлари билан чекланиши мумкин, лекин у бир йилдан кам бўлмаслиги керак.

Белгиланган муддат тугагунга қадар товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс томонидан товарни бошқа божхона режимига жойлаштириш сўралиши керак. Бу талабларга риоя этилмаган тақдирда, товар божхона органига қарашли божхона омборига вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилади.

Эркин божхона зонаси ва эркин омбор

Эркин божхона зонаси ва эркин омбор шундай режимларки, бунда чет эл товарлари муайян ҳудудлар ва жойларда бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан жойлаштирилади ва ишлатилади, Ўзбекистон товарлари эса экспорт режимига мувофиқ олиб чиқишда қўлланиладиган шартларга кўра жойлаштирилади ва ишлатилади.

Эркин божхона зонаси ва эркин омбор режимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади. Товарлар эркин божхона зонаси ва эркин омбор режимларида чекланмаган муддатларгача туриши мумкин. Эркин божхона зоналари ва эркин омборларда, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарлар билан ишлаб чиқариш ва тижорат операцияларини бажаришга йўл қўйилади, уларнинг чакана савдоси бундан мустасно.

Божхона кодексининг ва бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларига риоя этмаётган айрим шахсларга божхона органлари товарлар билан операцияларни амалга оширишни тақиқлаб қўйиши ҳамда эркин божхона зоналари ва эркин омборларга монеликсиз кириб чиқишни рад этиши мумкин.

Эркин божхона зонаси ва эркин омбор режимларида турган товарларни эркин муомалага ёки экспортга чиқариш режимларига жойлаштирганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бож, солиқлар ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари товарларнинг келиб чиқишига қараб қўлланилади.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат бўлмаган тақдирда товарга: олиб чиқилаётганда экспорт божи, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чораларини қўлланиш мақсадларида Ўзбекистон товари деб, бошқа мақсадларда эса чет эл товари деб қаралади.

Бож олинмайдиган савдо дўкони

Бож олинмайдиган савдо дўкони шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудининг божхона органлари Божхона кодексига мувофиқ белгилайдиган жойларида бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан божхона назорати остида туради ҳамда реализация қилинади.

Бож олинмайдиган савдо дўкони режимига божхона ҳудудига олиб кириш ҳамда ундан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланган товарлар жойлаштирилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиниши чекланган товарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бож олинмайдиган савдо дўкони режимида реализация қилиниши мумкин. Бож олинмайдиган савдо дўкони режимига жойлаштирилган товарлар бож олинмайдиган махсус савдо дўконларида реализация қилинади.

Товарларни қайта ишлаш

Товарларни қайта ишлашга қуйидагилар киради:

товарларни бевосита қайта ишлаш ёки уларга ишлов бериш, шу товарларнинг ва фойдаланилаётган бошқа товарларнинг йўқоладиган ўзига хос хусусиятларини қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда;

янги товарларни тайёрлаш, шу жумладан товарларни уларнинг асосий хусусиятларини қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;

товарларни таъмирлаш, шу жумладан уларни тиклаш, янгилаш ва тартибга келтириш, уларнинг шикастланган ёки эскириб қолган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, шунингдек нуқсонларини бартараф этиш;

товарларни қайта ишлашга ёрдам берадиган ёхуд бундай ишни енгиллаштирадиган бошқа товарлардан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш.

Айрим товарларга нисбатан қайта ишлаш режимидан фойдаланишга доир чекловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш

Божхона худудида қайта ишлаш шундай режимки, бунда товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига импорт божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмаган ҳолда божхона назорати остида қайта ишлаш учун олиб кирилиб, кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари олиб чиқилади ёки улар ўзга режим остида жойлаштирилади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида ҳар қандай товарлар жойлаштирилиши мумкин, ана шундай режим остида жойлаштирилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган товарлар бундан мустасно. Чет эллик юридик ёки жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида жойлаштирилиши мумкин. Мазкур товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига амалда олиб чиқиб кетилмаган ҳолда экспорт режими остида жойлаштирилиб, кейинчалик божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида декларацияланади.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилган товарлар ва қайта ишлаш маҳсулотлари уларни олиб чиқиш пайтида экспорт божлари ва солиқлардан озод қилинади. Мазкур товарлар ва қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди.

Қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқарилганда импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш учун фойдаланилган товарларнинг қиймати ҳамда уларга нисбатан қўлланилган тўловлар ставкаларига қараб тўланади. Қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон товарлари билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда йўл қўйилади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш шундай режимки, бунда товарлар экспорт божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмаган ҳолда қайта ишлаш учун олиб чиқилиб, кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш режимида олиб кирилади.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида эркин муомалада бўлган ҳар қандай товарлар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режими остида жойлаштирилиши мумкин, олиб кирилиши (олиб чиқилиши) қонун ҳужжатлари билан тақиқланган товарлар бундан мустасно.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимидан қуйидаги ҳолларда фойдаланиш мумкин эмас:

агар товарларни олиб чиқиш импорт божлари ва солиқларнинг тўланган суммаларини қайтаришни, импорт божлари ва солиқлардан озод қилишни ёки олиб чиқиш чоғида тўловлар олишни талаб қилиш учун асос бўлса;

импорт божлари ва солиқлардан озод этишнинг амал қилиб турган вақти мобайнида, агар унинг амал қилиши товарларни эркин муомалага чиқаришда уларни қайта ишлаш учун олиб чиқилгунга қадар фойдаланилган бўлса;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.

Қайта ишлаш маҳсулотларини чет эл товарлари билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотларини эркин муомалага чиқариш режимида божхона расмийлаштируви чоғида импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш қийматига ҳамда қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан қўлланиладиган божлар ва солиқлар ставкаларига қараб тўланади.

Қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарлар қайтариб олиб кирилганда импорт божлари ва солиқлар тўланмайди.

Қайта ишлаш маҳсулотлари, агар қайта ишлашдан мақсад олиб чиқилган товарларни қонун ҳужжатлари ёки шартномага биноан беғараз таъмирлашдан иборат бўлганлигига божхона органи белгиланган тартибда ишонч ҳосил қилса, импорт божлари ва солиқлардан озод қилинади, товарларни эркин муомалага дастлабки чиқаришда нуқсони мавжудлиги ҳисобга олинган ҳоллар бундан мустасно.

Товарларни қайта ишлаш учун олиб чиққан ва товарларни қайтармаган ёки қайта ишлаш маҳсулотларини белгиланган муддатда олиб кирмаган шахс Божхона кодекси 23-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда жавобгар бўлмайди.

Йўқ қилиш

Йўқ қилиш шундай режимки, бунда чет эл товарлари бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан улар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади. Товарларни йўқ қилишга божхона органининг рухсати билан йўл қўйилади. Рухсатнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Товарларни йўқ қилиш манфаатдор шахс томонидан ўз ҳисобидан амалга оширилади. Товарларни йўқ қилиш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар божхона назорати остида турган чет эл товарлари сифатида тегишли режимга жойлаштирилади. Йўқ қилиб ташлаш учун рухсатнома бериш рад этилган тақдирда товарлар уларни олиб кирган шахс ҳисобидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилади.

Давлат фойдасига воз кечиш

Давлат фойдасига воз кечиш шундай режимки, бунда шахс товарларга нисбатан бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда улардан давлат фойдасига воз кечади. Товарларни давлат фойдасига воз кечиш режимига жойлаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда божхона органининг рухсати билан йўл қўйилади. Товарлардан давлат фойдасига воз кечиш давлатнинг харажатлар қилишига сабаб бўлмайди.

13.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг