Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жисмоний шахслар томонидан автотранспорт воситаларни олиб ўтиш тартиби
1037

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 62-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан олиб кириладиган автотранспорт воситаларини (бундан халқаро юк ташишни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно) вақтинча олиб киришга рухсат этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари божхона ҳудудидан ташқарида ўзларига нотижорат мақсадларда транспорт воситаларини хорижий давлатда вақтинча бўлиш муддатига вақтинча олиб чиқишга ҳақли.

Жисмоний шахслар томонидан олиб келинган автотранспорт воситаларнинг божхона расмийлаштируви фаолият ҳудудида жойлашган ТИФ божхона постида амалга оширилади.

Автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида давлат божхона хизмати органларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 197-сонли қарорига асосан ҳужжатлар тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сонли қарорига асосан янги импорт автомобиллари билан чакана савдо фақат юридик шахслар - ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилади.

Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган хорижий автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувида ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 19 ноябрда 2156-сон билан рўйхатга олинган “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 159-моддасига мувофиқ чет эллик жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кирилган транспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги лозим.

Бунда транспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йиғимни тўлаган ҳолда юқорида кўрсатилган муддатдан ортиқроқ муддатга вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.

Йиғим ундирилгунига қадар транспорт воситаси божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақланиши лозим.

Мазкур йиғим қуйидаги ҳолларда тўланмайди:

божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақлаш даври учун;

 агар вақтинча олиб кирилган транспорт воситаси хатланган, мусодара қилинган, авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ва бу ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлса.

13.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг