Orphus tizimi

Қўмита ҳақида

Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ривожлантириш концепцияси

Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларини ривожлантириш

К О Н Ц Е П Ц И Я С И

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг жадал суръатлар билан ижтимоий-иқтисодий ўсиши, жаҳон миқёсида тобора юксалиши ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши, ахборот - коммуникация технологияларининг тараққиёти давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишни талаб қилади.

Бу ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларини ривожлантириш Концепциясини тақоза этади.

I. Концепциянинг асосий мақсади

Концепциянинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Божхона кодекси, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”, “Бож тарифи тўғрисида” қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги ПҚ-302-сонли, 2011 йил 10 августдаги ПҚ-1595-сонли қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан божхона органлари зиммасига юклатилган вазифаларни мавжуд имкониятлар ва салоҳиятдан тўлақонли фойдаланган ҳолда юқори даражада сифатли ижросини таъминлаш ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологияларини барча жабҳаларга татбиқ этиб фаолият самарадорлигини оширишдир.

II. Концепциянинг асосий вазифаси

Концепциянинг асосий вазифаси - Концепциядан кўзланган асосий мақсадга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси божхона органларини 
2018 йилгача бўлган муддатга ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва истиқболини белгилашдир.

III. Божхона органларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари

Қуйидагилар божхона органларини ривожлантиришнинг бир-бири билан узвий боғлиқ устувор йўналишларидир:

Божхона бошқаруви ва назорат механизмини такомиллаштириш орқали божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

божхона органлари ваколати доирасида ташқи иқтисодий фаолият (бундан кейин матнда - ТИФ) қатнашчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат экспорт салоҳиятини янада юксалишига муносиб ҳисса қўшиш;

божхона тўловларини тўлиқ ундириш ва давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш;

божхона органлари фаолиятига истиқболли ахборот-коммуникация технологиялари ва замонавий техник назорат воситаларини кенг татбиқ этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш ҳамда суриштирув ишлари самарадорлигини ошириш;

тизимда коррупцияга қарши курашишни кескин кучайтириш;

Бутунжаҳон божхона ташкилоти ҳамда хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш;

божхона органларини Божхоначи қасамёдига содиқ муносиб кадрлар билан жамлаш, ходимлар малакасини ошириш ишларини такомиллаштириш;

божхона органлари инфратузилмасини ривожлантириш.

1. Божхона бошқаруви ва назорат механизмини такомиллаштириш орқали божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

Мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ваколат доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;

ягона давлат божхона сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш;

божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини самарали назорат қилиш;

божхона соҳасида фуқаролар, ТИФ қатнашчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

божхона соҳасининг барча йўналишларида бошқарувни такомиллаштириш орқали хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш;

божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот - коммуникация технологияларни кенг жорий этиш асосида божхона маъмурчилигини такомиллаштириш;

юридик ва жисмоний шахсларни товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш ҳамда божхона чегарасидан ўтиш вақтидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилишда интернет ва бошқа замонавий ахборот воситаларидан самарали фойдаланиш;

Республика божхона ҳудуди орқали ҳаракатланадиган товар ва транспорт воситалари тўғрисида олдиндан ахборот алмашишда халқаро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш;

божхона постларида бошқарувни ташкил этишни такомиллаштириш орқали натижадорликни ошириш;

божхона органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини ошириш, божхона расмийлаштируви жараёнларида товар тўғрисида нотўғри маълумотлар киритиш ҳамда бошқа қонунбузарликларга чек қўйишга қаратилган божхона назорати ва маъмурчилигининг замонавий услуб ва механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

божхона органлари барча бўғинларидаги ҳар бир раҳбарнинг зиммасига юклатилган вазифалар ва функционал мажбуриятларни бажаришда масъулияти ва шахсий жавобгарлигини ошириш;

божхона органларининг ҳудудий бошқармалари томонидан божхона комлекслари ва постлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш;

божхона постларида товар ва транспорт воситалари ҳамда фуқароларни қисқа вақт оралиғида сифатли божхона назоратидан ўтказиш учун замонавий технологиялар ва техник назорат воситаларини кенг қўллаш;

божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини оптималлаштиришда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш орқали божхона постларида тўлиқ электрон шаклдаги расмийлаштирувга ўтиш ҳамда интерактив божхона хизматларини кенг татбиқ этиш;

ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ўсишини эътиборга олган ҳолда ТИФ қатнашчилари учун қулайликлар яратиш, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини самарали амалга ошириш мақсадида божхона омборлари фаолиятини такомиллаштириш;

божхона назоратини сифатли, самарали, тўлақонли ташкил этишда қонунчилик талабларига оғишмай риоя этишнинг барча чораларини кўриш;

божхона назорати самарадорлигини оширишда хавфни бошқариш тизимини ривожлантириш, ундаги хавф мезонларини амалиётдан келиб чиқиб мукаммаллаштириб бориш;

божхона режимларида товарларнинг қонунчиликда белгиланган шартларда ва муддатларда сақланиши ҳамда улар устидан он-лайн тартибида идоравий назоратни кучайтириш ва маълумотларнинг ҳаққоний бўлишини таъминлаш;

божхона постларида хизмат фаолиятини ҳушёр ва сергаклик билан олиб боришга қаратилган, ошкора ва хуфиёна текширувларнинг самарадорлигини ошириш;

экспорт ва импорт шартномлари устидан самарали божхона мониторингини таъминлаш ҳамда товарлар нархларининг нотўғри кўрсатиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш;

Марказий божхона лабораторияси ва унинг жойлардаги қуйи тизимларида ўтказиладиган божхона экспертизалари турларини кенгайтириш;

божхона расмийлаштируви жараёнида товарларни идентификация қилишда иккиланиш мавжуд бўлган ҳар бир ҳолат бўйича ташаббус асосида экспертиза тайинланишини таъминлаш;

товарларни ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси (бундан кейин матнда –ТИФ ТН) бўйича тўғри классификация қилинганлигини назорат қилиш механизмини такомиллаштириш;

экспертиза ва стандартлаш каби бошқа муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш, улар имкониятларидан самарали фойдаланиш;

божхона экспертизасини электрон кузатиш ва натижа маълумотларини Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан кейин матнда-ЯААТ) дастурлари орқали узатишни таъминлаш;

товарларнинг ТИФ ТН кодларини тўғри белгиланишини он-лайн режимида доимий назорат қилувчи тизимни ташкил қилиш;

озон қатламини бузувчи моддалар ва маҳсулотларнинг республикага кириб келишининг олдини олишда тегишли идоралар билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш;

ташқи иқтисодий фаолиятга доир божхона статистикасини ҳамда товар номенклатурасини юритиш ва ушбу маълумотлар асосида товарлар экспорти ва импорти таркиби ҳамда динамикасини таҳлил қилиш ҳамда тегишли идоралар билан ҳамкорликда бу борада зарур ишларни амалга ошириш;

ташқи савдо божхона статистикасининг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш учун божхона юк декларациялари маълумотлари билан ишловчи автоматлаштирилган ахборот тизимининг мантиқий назорат функцияларини такомиллаштириш;

ўзаро ташқи савдо божхона статистикаси бўйича электрон маълумотлар алмашинувини таъминлашда хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш.

2. Божхона органлари ваколати доирасида ТИФ қатнашчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат экспорт салоҳиятини янада юксалишига муносиб ҳисса қўшиш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

Мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга янада кенг имкониятлар бериш борасида Республика Идоралараро бож-тариф кенгашига ташаббус асосида таклифлар киритиб бориш;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, модернизация қилиш, техник-технологик қайта жиҳозлаш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш борасида давлат томонидан берилган имтиёз ва преференцияларни амалга тўғри, тўлақонли татбиқ этиш;

ТИФ қатнашчиларига қулайликлар яратиш учун божхона расмийлаштирувининг барча босқичларини автоматлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, божхона жараёнларини соддалаштириш, сарфланадиган вақтни қисқартириш ва шаффофликни таъминлаш;

божхона соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва бюрократик ғовларга йўл қўймаслик;

божхонада “бир дарча” тамойили асосида амалга оширилаётган ишларни ва идоралараро ҳамкорликни такомиллаштириш;

фуқаролар, ТИФ қатнашчиларига божхона органлари томонидан кўрсатиладиган интерактив хизмат турларини кўпайтириш;

божхона органларининг расмий вэб-сайти орқали ТИФ қатнашчиларига четдан олиб киришни мўлжаллаётган товарлари бўйича тўловларни олдиндан ҳисоблаб чиқариш ҳамда божхона расмийлаштируви учун келиб тушган ва кейинги қолдиқ маблағлари тўғрисида маълумотларни он-лайн тартибида билиш имкониятини яратиш.

3. Божхона тўловларини тўлиқ ундириш ва давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

Давлат бюджетига божхона тўловлари бўйича тушумларни кўпайтириш ва истиқбол режаларни бажаришда мавжуд имконият ва салоҳиятлардан тўлақонли фойдаланиш;

хавф гуруҳига киритилган товарлар бўйича божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўлиқ ундирилишида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан идоравий назоратни кучайтириш;

товарлар божхона қийматини, уни аниқлаш мезонларидан келиб чиқиб, ҳаққоний ва асосланган ҳолда белгиланишини таъминлаш;

товарлар божхона қиймати ва ТИФ ТН кодларининг белгиланиши, имтиёз ва преференцияларнинг қўлланилиши ҳамда тўловларнинг ҳисобланишида ЯААТ дастурларида мантиқий назорат функцияларини мукаммаллаштириш;

божхона тўловларидан берилган имтиёзлар тўғрисидаги норматив - ҳуқуқий базани иқтисодиётнинг тармоқлари кесимида яратиш;

муқаддам расмийлаштирувдан ўтган товарларни таҳлил қилиш, улар бўйича экспортёр давлатларга сўровномалар юбориш ва олинган маълумотлар асосида қиёсий таҳлил ишларини кучайтириш;

ТИФ қатнашчилари томонидан божхона тўловлари ва пул ўтказмаларини уяли алоқа воситалари ёки бошқа замонавий ахборот технологиялари орқали масофавий электрон амалга ошириш тизимини яратиш;

божхона тўловлари бўйича қарздорликларнинг тўлиқ ундирилишини ташкил этишда тегишли идоралар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

божхона расмийлаштирувидан кейинги назорат тизимини такомиллаштириш;

Республика Идоралараро бож-тариф кенгашига божхона божи ва йиғимлари ставкаларини оптималлаштириш юзасидан асосланган таклифлар киритиб бориш.

4. Божхона органлари фаолиятига истиқболли ахборот-коммуникация технологиялари ва замонавий техник назорат воситаларини кенг татбиқ этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 10 августдаги ПҚ-1595-сонли қарори билан тасдиқланган “2011-2015 йилларда божхона органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар Дастури” доирасида божхона органларини замонавий техника воситалари билан таъминлаш ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг татбиқ этиш;

божхона органлари дастурий таъминотини Давлат божхона қўмитаси (бундан кейин матнда–ДБҚ) имкониятлари ҳисобига яратиш ва такомиллаштириб бориш;

“Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизимини амалиётга кенг татбиқ этиш;

транзит юклар устидан назоратни кучайтириш, хавфсизлик чораларини кўриш, халқаро автомобилда юк ташувчиларга сарфланадиган вақтни қисқартириш мақсадида, “Транзит юкларни электрон кузатуви” автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш ва амалиётга жориш этиш;

ТИФ қатнашчисига божхона ишига доир ўзига тегишли маълумотлардан фойдаланишни қулайлаштириш, шаффофликни ошириш мақсадида ДБҚ веб-сайтида ахборот хавфсизлиги кафолатланган “Тадбиркорнинг шахсий электрон хизмат хонаси”ни яратиш;

ЯААТни Миллий ҳамда бошқа тегишли идоралар ахборот тизимлари билан интеграциялаш ва такомиллаштириб бориш;

хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли маълумотлар алмашинувининг электрон ахборот тизимини яратиш;

божхона органларининг бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органлари билан электрон ҳужжат айлануви тизимини такомиллаштириш;

ДБҚ тизимида оптик толали алоқани ташкил этиш орқали Ягона корпоратив алоқа тармоғини ривожлантириш, маълумот узатиш ва қабул қилишнинг сифати ва тезлигини ошириш;

ДБҚ ахборот ва алоқа ресурслари ҳимоя даражасини ошириш, электрон маълумот алмашинувида ахборот хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;

катта ҳажмли юкларни божхона назоратидан ўтказувчи инспекцион-кўрик комплекслари маълумотларини ЯААТ билан интеграциялаш ҳамда улардан унумли фойдаланиш;

қурол, ўқ-дорилар, портловчи, ядровий, радиоактив, кимёвий хавфли моддаларнинг турли йўллар билан республикага кириб келишини олдини олишда фан ва техниканинг ютуқлари, ривожланган мамлакатлар илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, божхона органларини замонавий техника воситалари билан таъминлаб бориш;

Марказий божхона лабораторияси ва унинг жойлардаги қуйи тизимларини божхона экспертизаси учун фойдаланишда хавфсизлик даражаси юқори, анализлар ўтказишда имкон қадар кам харажатли сарфланувчи материаллар талаб этадиган, натижалари қисқа муддат ичида юқори аниқликда бўлган ва бир неча йўналишларда анализлар ўтказиш имкониятига эга замонавий электрон ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш;

бошқарувда тезкорликни таъминлаш, ички идоравий назоратни кучайтириш, жойлардаги ходимлар бевосита иштироки зарур бўлган йиғилишлар ҳамда ТИФ қатнашчилари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва семинарларнинг он-лайн видео тартибида ўтказилишини ташкил этиш;

божхона ходимлари ўз касбий билим ва малакасини ошириши, ўз устида мустақил ишлаши, маънавий, маърифий йўналишларда дунёқарашини бойитиш мақсадида ахборот ресурси марказини яратиш.

5. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш ҳамда суриштирув ишлари самарадорлигини ошириш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

Божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, ҳуқуқбузарликлардан тийилишга ундовчи усуллар ва воситаларни кенг қўллаш;

тезкор қидирув фаолияти ва процессуал жараёнларни тартибга солувчи қонунчилик талабларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш;

мамлакатимиз хавфсизлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш, атроф муҳит ҳамда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш борасида тегишли идоралар билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш;

мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатларни содир этишда ишлатилиши мумкин бўлган предметлар (қурол, ўқ-дорилар, портловчи, ядровий, радиоактив, биологик, кимёвий ёки бошқа заҳарловчи моддалар), гиёвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материалларнинг республикага олиб кирилишининг олдини олишда илғор тажрибаларни ўрганиш, тезкор-қидирув усулларини такомиллаштириш;

валюта қимматликлари, миллий бойлик ҳисобланган бадиий, маданий-тарихий ва археологик мерос буюмлари, интеллектуал мулк объектларини божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда курашиш ҳамда бу борада ходимларнинг махсус билимини ошириш;

ташқи иқтисодий фаолиятда турли қонунбузилишларга қарши курашишда тегишли идора ва муассасалар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

майда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш билан чегараланмасдан, тезкор куч ва имкониятларни оғир, ўта оғир жиноятлар, уюшган жиноий гуруҳлар ва уларнинг “ҳомий”ларини фош этишга йўналтириш;

товарларнинг ноқонуний ҳужжатлар асосида божхона ҳудуди орқали олиб ўтилишининг олдини олишда ЯААТ дастурлари, соҳавий бошқармалар маълумотлари ҳамда тезкор манбалар имкониятларидан унумли фойдаланиш;

тезкор манбалардан самарали фойдаланган ҳолда жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, барҳам бериш ва фош этишда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш;

республика иқтисодиётига жиддий зарар етказаётган ТИФ соҳасидаги “латент” жиноятларни, бу йўналишда уюшган жиноий гуруҳлар, турли жиноий мураккаб усулларни фош этишда мақсадли тезкор текширув, қидирув, аниқлов ва профилактик тадбирларни ташкил этиш;

жойларда контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш ишларини бир хилда самарали ташкил этилишида соҳавий раҳбарликни кучайтириш;

қўзғатилган жиноят иши ҳолатига алоқадор барча шахслар, гуруҳларни фош этиш ва аниқ мақсадли тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш орқали товарларни сақлаш (“яма”лар) ва тарқатиш нуқталарини аниқлаш;

аниқланган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишда амалдаги қонунчилик нормалари ва процессуал муддатларга қатъий риоя этилиши ҳамда суриштирув ишларининг ҳар томонлама ва тўлиқ олиб борилишини таъминлаш;

Миллий кинология марказида Бутунжаҳон божхона ташкилоти томонидан ўтказиладиган тадбирларни сифатли ташкиллаштириш ва кўламини кенгайтириш;

контрабанда ашёларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишда хизмат итларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

божхона назорати ва хавфсизликни таъминлаш жараёнларида хизмат итлари қўлланиладиган йўналишларни кўпайтириш.

6. Тизимда коррупцияга қарши курашишни кучайтириш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш бўйича билдирган фикр-мулоҳазалари ва раҳбарий кўрсатмаларини дастуруламал сифатида қабул қилиб, тизимда қонунчиликни мустаҳкамлашга қаратилган ишларни кескин кучайтириш;

коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги халқаро конвенциялар ҳамда миллий қонунчилик талабларини ваколат доирасида соҳада амалга татбиқ этиш;

божхонага оид норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатларда коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилиши учун имкон бериш эҳтимоли бўлган нормаларни, бўшлиқларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш;

божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг ҳар бир босқичини автоматлаштириш, ЯААТ дастурларида мантиқий назорат функциясини такомиллаштириш, шаффофлигини ошириш орқали фаолиятда турли субъектив таъсирларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

божхона органларида турли ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назоратини ҳар томонлама кучайтириш, бу мақсадларда тарғибот-ташвиқот ишларини фаоллаштириш;

кадрлар билан ишлаш, ёш ходимларни тарбиялаш, шахсий таркиб ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг, жумладан, порахўрлик ва тамагирликнинг олдини олишда “Устоз-мураббийлар”, “Фахрийлар уюшмаси”, “Ўртоқлик аҳлоқ судлари” жамоат ташкилотлари имкониятларидан унумли фойдаланиш;

барча божхоначилар айниқса, фуқаролар, хорижий сайёҳлар, ТИФ қатнашчилари билан бевосита мулоқотда ишловчи ходимларнинг юксак маънавиятли, маданиятли, ахлоқ-одобли, касб этикасига оғишмай қатъий амал қилишга қаратилган чораларни ташкил этиш;

божхона органлари хизматига янги қабул қилинган ёки Олий ҳарбий божхона институтини (бундан кейин матнда - ОҲБИ) тамомлаган ёш ходимларни турли ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишларининг олдини олишга қаратилган ишларни фаоллаштириш;

ходимлар хизмат вазифаларини бажариш жараёнларида тадбиркорлик субъектларига оид маълумотлар ва ўзларига маълум бўлган тижорат сирларидан фақат хизмат фаолиятида зарурият бўйича фойдаланиши, уларни ноқонуний, ғараз мақсадларда ошкор бўлмаслигини таъминлаш;

муайян фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган махсус рухсатномаларни (лицензияларни) беришда амалдаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;

коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ўзаро маълумот алмашинувини таъминлаш;

Божхона органларининг ўз хавфсизлиги тузилмаларида тезкор-қидирув фаолиятини кучайтириш ҳамда божхона ходимлари томонидан содир этилган турли қонунбузарликлар ва ножўя хатти-ҳаракатларни фош этишда ташаббускорликни ошириш;

коррупцияга қарши курашишда хорижий давлатлар божхона хизматларининг илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш;

тизимда турли текширувларга жалб қилинган божхона ходимлари томонидан текширувларнинг холисона, ҳаққоний ўтказилиши ва турли ножўя ҳаракатларга йўл қўйилмаслигига қаратилган чораларни белгилаш;

божхона органларида ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ҳамда хизмат фаолиятини тўғри ташкил этилганлигини ўрганиш мақсадида турли йўналишларда ўтказиладиган хуфиёна текширувларнинг сони ва сифатини ошириш;

коррупцияга қарши курашиш божхона органларининг барча тармоқ ва бўғин раҳбарларини ҳар бирининг устувор ва долзарб вазифаси эканлигини уларга сингдириш;

хизмат интизомини бузган ёки қонунбузарлик содир этган божхона ходимларига нисбатан мутаносиб қонуний чоралар кўриш, бундай ходимларга нисбатан муросасозликка йўл қўймаслик.

7. Бутунжаҳон божхона ташкилоти ҳамда хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

ДБҚ томонидан хорижий давлатларнинг божхона хизматлари билан имзоланган битимларнинг ижросини таъминлаш;

ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган хорижий давлатлар божхона хизматлари томонидан зиммасига олган мажбуриятларини тўлақонли, оғишмай бажарилишини ўрганиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг божхона ишига оид қисмидан келиб чиқадиган мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;

Бутунжаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, унинг имкониятларидан кенг, самарали фойдаланиш;

божхона соҳасида келишув мавжуд бўлмаган давлатлар божхона хизматлари билан икки томонлама ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш ишларини фаоллаштириш;

божхона органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга чет эл грантларини жалб қилиш;

божхона хизматини модернизациялаш, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини автоматлаштириш, фаолиятда дастурий таъминотларни қўллашда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганишни ташкиллаштириш;

божхона органларида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий-тадқиқот ва услубий ишларни илғор тажрибалар асосида ташкил этиш мақсадида ривожланган мамлакатларнинг ўқув муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш ишларини ривожлантириш.

8. Божхона органларини Божхоначи қасамёдига содиқ муносиб кадрлар билан жамлаш, ходимлар малакасини ошириш ишларини такомиллаштириш;

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

божхона органларини профессионал тайёрланган, юқори малакали, ҳалол, пок ва интизомли ходимлар билан жамлаш, тизимда коррупция ва бошқа салбий иллатларнинг олдини олишда аттестация ва ротация механизмларидан унумли фойдаланиш;

божхона органлари хизматига маънавий етук, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни яхши ўзлаштирган, иқтисодиёт, молия, ҳуқуқ ҳамда бошқа тегишли соҳалар бўйича ихтисослашган мутахассис номзодларни жалб қилиш, шу билан бирга турли ғараз ниятли шахсларнинг тизимга кириб қолмаслигига қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

ходимларнинг иш тажрибаси, билими, касбга фидоийлиги, хизмат ва ижро интизомига риоя қилиши каби хислатларини эътиборга олган ҳолда мос равишда тоифадан ташқари, биринчи тоифали божхона постларига ва юқори лавозимларга тайинлаш орқали рағбатлантириб бориш;

шахсий таркибнинг малакасини ошириш ҳамда хизмат тайёргарлиги машғулотларига бевосита жойларда хизмат қилаётган ходимларни жалб қилган ҳолда масофавий ўқитишни ташкил этиш;

божхона органларида ҳарбий сафарбарлик, жанговар ва жисмоний тайёргарлик ишларини кучайтириш;

ОҲБИ базасида божхона соҳасининг барча йўналишлари бўйича амалиётда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларнинг илмий асосланган ечимини топиш билан шуғулланувчи марказ ташкил этиш;

ёш ходимлар ҳамда ОҲБИ тингловчиларида турли мафкуравий таҳдидларга нисбатан маънавий иммунитетни шакллантириш, уларни онгига юксак ахлоқий, маърифий ва миллий ғурур туйғуларини сингдириш ҳамда Ватанга муҳаббат ва Божхоначи қасамёдига садоқат руҳида тарбиялаш;

божхона органларига юклатилган устувор вазифалар асосида ОҲБИда кадрларни тайёрлаш ва ўқув жараёнларини такомиллаштиришда Илмий кенгашнинг ролини ошириш;

ОҲБИда ўқитишнинг илғор шакллари, таълимнинг техник ва ахборот воситалари ва янги педагогик технологияларини ўқув жараёнига кенг жорий этиш;

ОҲБИда ўқув жараёнлари ва таълим-тарбия ишларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида мониторинг қилиш тизимини яратиш;

ОҲБИда божхона органлари фаолиятининг йўналишлари бўйича амалиётдан келиб чиққан ҳолда, ўқув қўлланмалари ишлаб чиқиш;

ОҲБИда божхонанинг барча соҳавий йўналишлари бўйича муаммоларни аниқлаш, ўрганиш, уларнинг илмий, назарий асосланган ечимини топиш борасида илмий иш билан шуғулланувчиларни кўпайтириш;

божхонага оид қонун ҳужжатларини тўғри қўллаш бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда тегишли муассасалар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига илмий-амалий шарҳларни ишлаб чиқиш ва уларни чоп этиш чораларини кўриш;

Божхона маънавият марказини яратиш, уни мустақил Ўзбекистон божхонасининг ривожланиши ва ютуқлари тўғрисида ижобий таассурот қолдирувчи, шунингдек, божхона ходимларида Ватанга садоқат, касбга фидоийлик, хизматдан ғурурланиш, турли ножўя ҳаракатларга нисбатан нафрат туйғуларини шакллантирувчи экспонатлар билан бойитиш;

хизмат вазифаларини амалга оширишда ташаббус кўрсатган ҳамда юқори натижаларга эришган ходимларни рағбатлантириб бориш.

9. Божхона органлари инфратузилмасини ривожлантириш

Ушбу устувор йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш долзарбдир:

ходимлар хизмат фаолиятини олиб боришлари учун зарур барча шарт-шароитлар мавжуд, замонавий компьютер ва техник назорат воситалари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларига эга, тегишли хавфсизлик чоралари кўрилган мукаммал божхона объектлари билан таъминлаш;

ТИФ ва чегара божхона постларини (темир йўл, авто, аэро) такомиллаштириш, фуқаролар, товар ва транспорт воситалари устидан тўлиқ божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва техник назорат воситаларини ўрнатиш ҳамда тўлиқ хавфсизликни таъминлаш чораларини кўриш. Бу борада “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТЙК, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

чегара божхона постлари олди инфратузилмасини (меҳмонхоналар, ёқилғи қуйиш шахобчалари, техник ва тиббий хизмат кўрсатиш, автомашиналар учун тўхташ жойлари) ва маиший хизмат турларини ташкил этилишида тегишли идораларга ташаббус билан чиқиш ва уларга кўмаклашиш;

аҳоли яшайдиган марказдан узоқда жойлашган чегара божхона постлари яқинида ходимларни хизмат турар жойлари билан таъминлаш;

уй-жойга эҳтиёжи бўлган ва ротация қилинган ходимларни хизмат турар жойлари билан таъминлаш;

Миллий кинология марказида зотдор итларни кўпайтириш, ветеринария хизматини янада яхшилаш, амалий машғулотлар сифатини ошириш, меҳнат шароитларини қулайлаштириш борасида тегишли инфратузилмани ривожлантириш;

ОҲБИнинг, чунончи Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетининг моддий-техника ва ахборот базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёнларини замонавий компьютер техникалари, педагогик технологиялар, мультимедиа воситалари, ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш;

божхона объектларида ёнғин, техника хавфсизлигини таъминлаш учун зарур барча чораларни ўз вақтида кўриб бориш ва бу борада тегишли идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

божхона органларида ходимларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, айниқса ўқ-отар қуролларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида электрон ўқ отиш компьютер тренажёр залларини ташкил этиш;

божхона органлари балансидаги товар-моддий бойликларни штрих кодли маркалар билан инвентарлаш орқали уларни электрон ҳисобини йўлга қўйиш;

барча божхона постларини ЯААТ дастурлари, ахборот - коммуникация технологиялари ҳамда техник назорат воситаларининг узлуксиз ишлаши учун заҳира муқобил энергия манбалари билан таъминлаш;

божхона органлари объектларини капитал ва қайта қуриш ҳамда таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда Давлат бюджети ва ДБҚ Махсус фонди маблағларининг қонуний, асосли, мақсадли сарфланишининг барча чораларини кўриш;

IV. Концепциянинг амалга ошириш тадбирлари

Концепцияда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича ДБҚ соҳавий бошқармалари томонидан Ишлар бошқармаси билан келишилган ҳолда алоҳида дастурлар ва режалар тузилади.

Зарур ҳолларда амалдаги тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ёки идоравий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланади.

Концепциянинг устувор йўналишларида ўзаро яқин долзарб ишлар бирлаштирилиб амалга оширилиши мумкин.

Концепцияни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ДБҚ ишчи гуруҳи тузилади.

ДБҚ ишчи гуруҳи томонидан қуйидагилар амалга оширилади:

Концепцияда белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳар йили аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади;

режа ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар назорат ва таҳлил қилиниб, ДБҚ раҳбарияти ҳузурида ўтказиладиган хизмат йиғилишлари муҳокамасига киритиб борилади;

концепция бўйича амалга оширилган ишларни умумлаштириш ва мувофиқлаштириш Ишлар бошқармасига юклатилади;

ҳар йил якуни бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот ҳамда кейинги йилда бажариладиган тадбирлар режаси лойиҳаси ДБҚ Ҳайъати муҳокамасига киритилади.


3916

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР